Нукусда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда ҳудудий Кенгаш аъзолари, давлат бошқарув органлари, вазирлик, ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тухташева, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ф.Алламбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири С.Мамбетқадиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Е.Аташов ва бошқалар прокуратура органлари томонидан ўтган давр мобайнида коррупцияга қарши курашиш, хусусан, шаҳар ва туман ҳокимликларида амалга оширилган ишлар, 2021 йилда айрим шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари коррупцияга йўл қўйганлиги юзасидан ҳудудларда ҳудудий Кенгаш аъзолари томонидан ўтказилган ўрганишларнинг натижалари, қайд этилган шаҳар ва туман ҳокимликларидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” га тўхталди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, уларга муносиб шароитларни яратиб беришда барча соҳаларда ушбу иллатни бартараф этиш устувор вазифа саналади. Бу борада олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар Жўқорғи Кенгес сессияларида депутатлар билан, ҳудудий Кенгаш мажлисларида аъзолар билан бирга мунтазам муҳокама қилиб келинмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий Кенгаш аъзоларининг ҳисоботи доимий равишда тингланиб, тегишли соҳа ҳамда ижро этувчи органлар раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Юқоридагилар билан бир қаторда, коррупция ҳолатлари кўп кузатилаётган ҳудудлар, тармоқлар ва соҳалар чуқур таҳлил қилинмоқда.

Хусусан, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат ва бошқа дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этиш мақсадида ҳудудий Кенгаш аъзолари томонидан вазирлик, идора ва ташкилотларда учрашув, семинар, давра суҳбатлари ўтказилди. Аҳоли ўртасида сўровномалар ташкил этилиб, ушбу тадбирга ҳудудий Кенгаш аъзоларидан ташқари ёшлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва аҳоли вакиллари ҳам жалб этилди.

Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаш мажлисларида давлат органлари, жумладан, Қурилиш, Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирларининг, шунингдек, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ташкил этилган вақтинчалик ва махсус жамғармалар маблағидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом талабларига риоя қилиниши бўйича Молия вазирининг ҳисоботи эшитилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишлари юзасидан ўрганиш олиб борилди ва натижаси ҳудудий Кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш ва ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Хусусан, ўтган йили 229 та мансабдорлик ва коррупцион жинояти содир этилган бўлса, жорий йилнинг 4 ойи мобайнида 80 та шундай жиноят содир этилган.

Тадбирда ушбу жиноятларнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА