Нукусда ёшлар ўртасида спорт ва ижод соҳаларига қизиқувчи иқтидорларни аниқлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида “5 ташаббус ҳаракати Нукус 2022” шиори остида форум бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу форум доирасида спортнинг енгил атлетика, мини футбол, шахмат-шашка, стол тенниси, street workout, бадминтон, киберспорт турларидан мусобақалар, шунингдек “Fashion night” модалар кўргазмаси ва “Билим ринг” интеллектуал ўйини ташкил қилинди.

Икки кун давом этган форум якунида ғолиб спортчи ва жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Нукус шаҳар марказида жойлашган И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи қошидаги майдонда катта гала концерт намойиш этилди. Унда ўзбек ва қорақалпоқ эстрадаси юлдузлари, санъаткорлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА