Британия ишбилармонларининг нуфузли «Capital Finance International» нашри саҳифасида мамлакатимизда изчил давом этаётган хусусийлаштириш жараёнлари мавзусини қамраб олган мақола эълон қилинди.

Унда қайд этилганидек, пандемияга қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда иқтисодий ўсишга эришган дунёнинг саноқли мамлакатларидан бири бўлди. Нашрнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Тошкент ўз салоҳияти билан халқаро таҳлилчиларни ҳайратга солаётир. «2021 йили хусусийлаштириш дастури ва тегишли «Йўл харитаси»ни ҳаётга татбиқ этиш борасида катта қадамлар ташланди – қимматли бозорлар йўналишида янгича ёндшув шакллантирилди.

Сотилаётган активлар учун масъул бўлган янги агентликлар ташкил этилди, капитал бозори қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Шу билан бирга, етакчи давлат компаниялари менежменти янги шароитларда ҳаракат қилиш борасида кўмак кўрсатадиган технократлар ва халқаро даражадаги собиқ банкирларнинг иштироки туфайли тинч инқилобни бошдан кечирмоқда», деб ёзади нашр.

Capital Finance International маълум қилганидек, яқин уч йил ичида 620 та давлат корхоналари тўлиқ ёки қисман сотувга қўйилади. Улардан салкам 15 таси жаҳон даражасидаги компаниялар ҳисобланади.

Дунёдаги энг йирик олтин конларидан бирининг эгаси бўлган Навоий кон-металлургия комбинатидан тортиб, то миллий нефт-газ флагмани – Ўзбекнефтегазгача. Улар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 15 фоизини таъминлайди. Бу жараёнга халқаро маслаҳатчилар фаол жалб этилмоқда.

ЎзА