Мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган «Лазги» рақси ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда балки хориж давлатларида ҳам машҳур.
Президентимизнинг 2020 йил 28 сентябрдаги “Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш белгиланган.
Хоразм вилоятида жорий йилда илк бор ўтказилаётган мазкур фестивалга катта тайёргарлик кўрилди. Халқаро фестивалга юртимизнинг тажрибали режиссёрлари, бастакорлар, санъаткорлар, таниқли раққосалар, ижодкорлар, малакали мутахассислар жалб этилган.
Урганч халқаро аэрапортида дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган иштирокчилар тантанали кутиб олинмоқда.
– Мен Ҳиндистондан келдим, – дейди санъатшунос, профессор Чандр Шейкхан. – Ўзбек ва ҳинд рақслари ўзининг қадимийлиги, шўх ва ўйноқи ҳаракатлари билан ўхшаш. Айниқса, Хоразм рақсидаги жанрлар жуда жозибадор ва серҳаракатлилиги билан ажралиб туради. Хоразмни эса қадимий воҳа, маданият, санъат ва анъаналар маркази деб биламан. Ушбу ўлкага олдин ҳам келганман. Олийгоҳлардаги мусиқа ва санъат йўналишидаги таълим жараёни билан танишганман. Бизни ҳар сафар мана шундай иззат-икром билан кутиб олишади. Фурсатдан фойдаланиб халқаро фестиваль ишига омад тилайман.
Иштирокчилар “Лазги” куйи ва унга монанд рақси билан кутиб олинди. Бу меҳмонларнинг кўҳна заминга илк қадамидан катта таассуротлар олишига ва кайфиятини кўтаришга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди. Ўзига оханрабодек тортадиган ялла қайси миллатдан бўлишига қарамасдан иштирокчиларни ўйинга чорлади.
– Россиянинг Олтой ўлкасидан мазкур нуфузли анжуманга келдик, – дейди Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист Ирина Минаева. – “Хоразм лазгиси” жуда қадимий рақслардан деб эшитганман. Ушбу рақс ижросини интернет орқали кўрдим. Жуда жозибали ва гўзал пластикага эга. Унинг тарихи билан жуда қизиқаяпман. Фестиваль доирасида “Лазги” рақсини ўрганаман ва гўзал Хива шаҳрини ҳам зиёрат қиламан.
26 апрель куни мазкур халқаро рақс фестивали ўз ишини бошлади ва 30 апрель санасига қадар давом этади.
Тадбирлар доирасида “Ичан-қалъа” мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар, миллий либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналаридан иборат ранг-баранг кўргазмалар ташкил этилади. Шунингдек, китоблар савдоси, ярмаркаси ҳам ўтказилади. Фестиваль кунлари “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам ўтказилиб, унда қатор хорижий мамлакатлардан рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонлар иштирок этади.
Хива шаҳридаги “Фаровон” меҳмонхонасида “Лазги” халқаро рақс фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидландики, фестивалда дунёнинг 30 та давлатидан 175 нафардан зиёд рақс санъати усталари, профессионал рақс жамоалари, санъатшунос олимлар, маданият соҳасининг таниқли намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрган
Фестиваль доирасида ўтказиладиган танловда 18 давлатдан 160 иштирокчи қатнашади. Танловни олтита турли давлатдан 6 нафар тажрибали, профессионал ҳакам баҳолаб боради.
Айни дамда илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун 11 давлатдан 13 нафар санъатшунос олимлар Хива шаҳрига етиб келган.
“Лазги” халқаро рақс фестивалининг очилиш маросимига бағишланган тантана “Ичан қалъа”нинг кўҳна Арк майдонида бўлиб ўтди.
Унда фестиваль қатнашчиларидан ташқари, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, хорижий сайёҳлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тарихий майдон узра турли давлатлар байроқлари ҳилпиради.
Хоразмда илк ўтказилаётган “Лазги” халқаро рақс фесивали иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди.
Сўнгра очилиш маросимининг бадиий қисми бошланди. Унда турли миллат ва халқларнинг ўзига хос куй ва қўшиқлари янгради. Жозибадор рақслари ижро қилинди. Концерт дастури сўнгида таниқли хонанда ва раққослар томонидан ижро этилган “Лазги” қўшиғи йиғилганларни рақсга чорлади.
Мухтасар айтганда, фестивалнинг очилиш маросими чин маънодаги мусиқа ва санъат байрамига айланди.
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА мухбири