Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Дунёда пандемия чекловлари юмшаётгани натижасида туризм индустрияси тикланишни бошлаётгани қайд этилди.

Жорий йил биринчи чорагида юртимизга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баравар кўп турист келди. Май ойида ҳамкор давлатлардан сайёҳларнинг 20 фоизи мамлакатимизга келиши кутилмоқда (илгари бу рақам 2-3 фоиз бўлган).

–Лекин, ҳар бир ҳоким ҳудудимда тарихий обидалар ёки манзарали жойлар кўп, деб хотиржамликка берилмаслиги керак. Меҳмонхона, музей, транспорт ва йўллар, сервис, овқатланиш жойлари келаётган туристларни қабул қилишга тайёрми, бунинг учун қайси ҳоким тайёргарлик қилди, – дея савол қўйди давлатимиз раҳбари.

Президент юртимиз туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни санаб ўтди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарёда мавжуд меҳмонхона ўринлари талабга нисбатан анча кам.

Сўнгги йилларда Мўйноқ, Нукус, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Риштон каби янги йўналишлар очилди. Лекин Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳали бор имкониятлардан фойдаланаётгани йўқ.

Қорақалпоғистон, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларда ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам.

“Оилавий” ва “барчаси ичида” хизматларини жорий қилиш ишлари суст. Чўмилиш ҳавзаси 1,2 мингдан зиёд меҳмонхонанинг фақат 30 фоизида бор.

Ҳудудларимиздаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг бугунги кунда 18 тасидан фойдаланилмоқда.

Мисол учун, Қамчиқ довонида (Оҳангарон тумани) 2,5-3 минг метр баландликда жойлашган Арашан кўллар тизимидаги сув ҳарорати қишин-ёзин 36 градус иссиқликда бўлиб, хорижий курортлардан қолишмайди.

Ёки, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпирда ҳам ер остидан 40-70 градус иссиқликда чиқадиган термал булоқлар ҳудудида санатория-курортлар ташкил қилиш учун барча имкониятлар мавжуд бўлсада, тегишли ҳудудлар ҳокимлари ташаббус кўрсатмаётгани танқид қилинди.

ЎзА