Институт ректори Орол минтақасини дарахтзорга айлантиришда ташаббус кўрсатмоқда

Гарчи қишлоқ хўжалиги соҳаси билан шуғулланмаса-да, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори И.Йўлдошев ҳамда институтнинг Фарғона минтақавий филиали директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Шукуров ташаббуси билан Орол минтақасида дарахтзорлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу хайрли ишга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ҳамда Нукус филиали жалб этилди. Айни пайтда Орол денгизи минтақасига турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, қаламчаларини экишга тайёрланмоқда. 
 
Аслида Орол минтақасидаги ҳалокат бутун дунёни ташвишга солиб келаётган муаммодир. Ҳалокатни юмшатиш йўлида қилинаётган бундай саъй-ҳаракатлар минтақа муаммоларини енгиллатишга хизмат қилади.
Денгиз қирғоқдан 180-200 км. узоқлашиб кетгани, 5,5 миллион гектар майдонда Оролқум пайдо бўлгани, ундан ҳар йили 600-700 миллион тонна заҳарли туз шамол ва бўронлар таъсирида катта минтақаларга тарқалаётгани, заҳарли тузлар миллионлаб инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатаётгани, бу офатга қарши фақатгина кўпчилик бўлиб курашиш лозимлиги бугун яққол намоён бўлмоқда.
– Юртимизда БМТ шафелигида Орол денгизи ҳамда Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватланиб, 2017 йил 10 февралда БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш” дастури амалга оширила бошланди,– дейди Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов.
htmlimage (1).jpg
Акмал Сотторов

 

ЎзА