Бу ҳақда Президент ҳузурида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари телекоммуникация тармоғини кенгайтириш йўналишида ҳам қатор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, йил якунига қадар:

– 6 минг 800 та янги мобиль станцияни ўрнатиш ва 80 та олис қишлоқни алоқа тизимига улаш (яна 38 та қишлоқ 2023 йилда уланади);

–қўшимча 800 минг хонадонни юқори тезликдаги интернетга улаш;

– республика бўйича оптик толали алоқа қамровини 80 фоизга етказиш;

– 60 фоиз магистрал йўлларни мобиль интернет билан таъминлаш топширилди.

Энг муҳими, 1 сентябрга қадар Тошкент вилоятида республикада илк бор юқори қувватли Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилади.

Шунингдек:

– биринчи ярим йилликда 100 миллион, йил якунигача 300 миллион доллар инвестицияни ўзлаштириш;

– икки ой муддатда Абу Даби фонди билан “Ўзбекистон почтаси”ни трансформация қилиш режасини ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.

Президент “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясини трансформация қилиш масаласига ҳам тўхталди.

–“Ўзбектелеком” жаҳоннинг нуфузли алоқа компанияларига ўхшаб, давлатга юқори даромад келтирувчи, сифатли хизматларни экспорт қилувчи, юқори технологик, даромадли ва намунали компания бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда компаниянинг  операцион харажатлари ва таннархини 15 фоизга қисқартириш, июль ойида халқаро рейтинг олишини таъминлаш ва келгуси йил мартда компанияни IPOга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда ҳозирги мураккаб вазиятда киберхавфсизлик масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Жорий йил биринчи чоракнинг ўзида ахборот тизимларига четдан 200 тадан ортиқ киберҳужум уюштирилган.

–Шунинг учун бугун киберхавфсизлик тўғрисида Қонунни имзоладим. Бу янги қонун ҳозирги замон таҳдидларига қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлади, – деди Президент.

ЎзА