Сиз Иқбол Олимжонова ва Юнона Столярованинг юртимиз телевидениесида биринчи дикторлар бўлганини биласизми? Ёки “Маҳаллада дув-дув гап” фильмида Азиза ролини ижро этган Раъно Мадраҳимованинг биринчи дикторлар қаторида иш бошлаганини-чи? Ўктам Жобиров, Галина Мельникова, Насиба Иброҳимова, Насиба Қамбарова, Даврон Зуннунов каби дикторлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмоқчимиз?
“Сухандонлар” китобида айнан шу саволлар жавоби мужассам. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон Муслимбек Йўлдошев қаламига мансуб мазкур китоб яқинда “Ijod-press” нашриёти томонидан чоп этилди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур китоб тақдимоти ўтказилди.
Муслимбек Йўлдошев қирқ йилдан буён телевидениеда диктор сифатида фаолият кўрсатади. У нафақат олий тоифали сухандон, балки иқтидорли ижодкор ҳамдир.
– Телевидениедаги фаолиятим жуда самарали ва қизиқарли бўлган, – дейди Дилфуза Ғуломова. – Бу лаҳзалар мен учун жуда ширин хотираларга айланган. “Студентлик олтин даврим”, “Сенинг замондошинг”, “Ғазалхон ёшлигим”, “Қизлар давраси” каби кўрсатувларда бошловчилик қилганман. Тиббиёт соҳасига ўқишга кириб, илмий иш ёқладим, лекин барибир менинг ҳаётим телевидение билан боғланган экан. Кейин кўп йиллар “Сиҳат-саломатлик” кўрсатувида бошловчилик қилдим.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ва “Мерос” миллий қўшиклар ансамбли ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.