Жамоатчилик фикрини чалғитишми ёки нима қилиб бўлса-да, эътиборни тортишми?

Интернет тармоғи ахборот олиш, зарур маълумотларни қидириб топишнинг энг қулай воситасига айланди. Хўш, бу тармоқда тарқатилаётган хабарларнинг барчаси асослими, холисми?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси оммавий ахборот воситалари, хусусан, сайтларда тарқатилаётган хабарлар қанчалик асосли эканини аниқлашга қаратилган ўрганишлар ўтказмоқда.

Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза РАҲИМОВА шу йўналишдаги ўрганиш натижалари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Халқимиз турмуш шароити билан боғлиқ муаммолар кўтарилган хабарлар доим эътиборимиз марказида, – дейди Г.Раҳимова. –Прокуратура органлари аралашувини талаб қиладиган қонунбузилишлар ҳақидаги хабарларни тўлиқ ва атрофлича кўриб чиқишдан мақсад ҳақиқий вазиятни аниқлаш ва унга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда мушкул аҳволга тушган фуқароларга ёрдам кўрсатишни ташкил этишдир.

Қайд этиш керакки, сайтларда эълон қилинаётган хабарлар мониторинги давомида уларнинг қарийб 30 фоизи турли соҳаларда қонунбузилиши, фуқароларимиз ҳаётида юзага келган муаммолар ҳақида экани маълум бўлди.

Албатта, улар орасида аниқ далил ва ҳақиқий ҳолат акс этган хабарлар ҳам кўп. Бу борада аниқ мисолларга эътибор қаратсак.

“Янгийўл туманининг мансабдор шахслари аҳоли муаммоларига бефарқ” сарлавҳали хабарда Янгийўл шаҳар Акмал Икромов кўчасида сув қувури ёрилиб кетиши оқибатида йўл яроқсиз ҳолга келиб қолгани баён этилган. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси ўрганиш ўтказди.

Аниқланишича, ушбу кўчадаги қувурлар 2017 йил октябрь ойида Янгийўл шаҳар “Сувоқова” филиали томонидан алмаштирилган. Бироқ қувурларни алмаштириш жараёнида қазилган йўл шу ҳолда қолиб кетган. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган бу ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.

Янгийўл шаҳар прокуратураси аралашуви билан шаҳар “Сувоқова” филиали ҳосил бўлган чуқурларни кўмиб, йўлни текислади. Бундан ташқари, мазкур кўчага яқин кунларда асфальт ётқизилиши белгиланган.

“Газ йўқлиги сабабли одамлар стадиондаги ўтиргич тахталарини ўғирлаяпти” сарлавҳали мақолада Жиззах вилояти Дўстлик тумани “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган уйларнинг таъмирталаб аҳволда экани, газ ва сув таъминотида муаммолар борлиги, аҳоли уйларни иситиш учун стадион ўтиргичларидаги тахталарни олиб кетаётгани ёзилган.

Туман прокуратураси томонидан ўтказилган ўрганиш давомида мақолада кўрсатилган ҳолатларнинг аксарияти ўз тасдиғини топди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида аҳолига хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ташкил этиш белгиланди. Маҳаллада тозаликни таъминлаш учун “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан ҳудудга назоратчи бириктирилди. Махсус автомашина ажратилди. 2,5 километр йўлга тош қопламаси ётқизилди. Стадионни таъмирлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолига 2-туманлараро газ таъминоти корхонаси газ баллонлари, шунингдек, “Сувоқова” корхонаси томонидан махсус автомашинада мунтазам тоза ичимлик суви етказиб бериладиган бўлди.

Бироқ интернетдаги барча хабарларни асосли ва холис, деб бўлмайди. Ўрганишлар натижасида прокуратура органлари фақат уйдирмадан иборат, миш-мишга асосланган, асоссиз ва нохолис маълумотларни тарқатиш ҳолатлари ҳам борлигини аниқлади.

Масалан, 2017 йил декабрь ойида айрим веб-сайтларда «Трубада газ бўлсаю, биз совуқда ўтирсак?! – Хонқаликлар дардига ким қулоқ солади?» сарлавҳали мақола жойлаштирилди. Унда Хоразм вилоятининг Хонқа тумани Пахтагул маҳалласидаги икки кўча газ таъминотидан узиб қўйилгани, мутасадди идораларга йўлланган мурожаатлар ўз ечимини топмаётгани қайд этилган.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш ва аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ўтказилди. Мақолада келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмади.

Маълум бўлишича, бу маҳалла аҳолисининг аксарияти табиий газдан мунтазам фойдаланади. Фақат 286 хонадонга табиий газ етиб бормаётгани инобатга олиниб, уларга суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Маҳалла аҳолисига куз-қиш мавсумида фойдаланиш учун кўмир ёқилғиси ҳам ажратилган.

“Нонга зўрға пул топяпмиз, уй-жой учун дастлабки тўловга пулни қаердан топамиз” сарлавҳали мақолага тўхталсак. Унда Самарқанд шаҳар Мақсуд Шайхзода номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро 23 йилдан бери 6 кишидан иборат оиласи билан 2 хонали уйда яшаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилганидан кейин унга 2 хонали квартирани 25 миллион сўм дастлабки тўлов билан олиш таклиф этилгани, аммо у нонга зўрға пул топаётганию дастлабки тўлов учун пул топа олмаслиги баён қилинган.

Ушбу мақолада кўрсатилган ҳолатга ойдинлик киритиш ҳамда маҳалла аҳолисининг яшаш шароитини ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти прокуратураси ходимлари у ерда бўлди. Аниқланишича, мазкур маҳаллада 2 хонали уйда 6 киши яшаётганига оид факт ўз тасдиғинии топмади.

2017 йил декабрь ойида интернетда “Мажбурий ижро бюроси ходимлари қарздор фермерларнинг мулкини куч билан тортиб олишни бошлади” номли мақола эълон қилинди. Унга кўра, Сурхондарё вилоятининг Музработ тумани Мажбурий ижро бюроси ва Ички ишлар бўлими ходимлари фермер Иброҳим Хонназаровнинг уйига бостириб кириб, мол-мулкини куч ишлатиб тортиб олишга урингани баён этилган. Бу ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан текшириш ўтказилди.

Текширишда шу нарса маълум бўлдики, фермер хўжалиги раҳбари давлат олдида катта миқдорда қарздор экани туфайли унга нисбатан ижро иши қўзғатилган. Қонунчиликка кўра, қарздорнинг қарзини тўлашга маблағи бўлмаса, ундирув унинг мол-мулкига қаратилади.

Иброҳим Хонназаров суд тарафидан бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан қарзини бартараф этишга ҳаракат қилмаган. Шунинг учун И.Хонназаров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси билан энг кам иш ҳақининг 12 баробари миқдорида жаримага ҳам тортилган.

Текширув давомида Мажбурий ижро бюроси ходимларининг ҳаракатларида қонунбузилиши ҳолати аниқланмади.

Интернет тармоғида Хоразм вилояти Шовот тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ҳосилдор мевали дарахтлар мажбуран йўқ қилинаётгани тўғрисида хабар тарқатилган эди. Хоразм вилояти прокуратура органлари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида мазкур хабарда келтирилган маълумотлар ҳақиқатга мос келмаслиги аниқланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 январдаги “Хоразм вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Шовот туманида мавжуд фермер хўжаликлари ҳисобидаги эски, самарасиз, кўп харажат талаб қилувчи ва қаровсиз аҳволдаги 218 гектар боғ ўрнига экспортбоп мевали дарахтлардан иборат янги интенсив боғ барпо этилаётгани маълум бўлди.

«Ўзбекистонда одамлар қачонгача «емаган сомсаси»га пул тўлайди?» мазмунидаги маълумотда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани бўлими ходимлари тумандаги Истиқлол маҳалласи аҳолисидан аслида истеъмол қилинмаган сув учун тўлов ундираётгани ҳақида сўз юритилган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Истиқлол маҳалласида ичимлик суви қувурлари ва ички қувурлар яроқсиз ҳолга келгани сабабли мутасадди ташкилотлар томонидан 2018 йилнинг 1-чорагида уларни қайта таъмирлаш режага киритилган. Бу борада тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолига ичимлик суви “Сувоқова” корхонаси томонидан махсус автомашиналарда етказиб берилмоқда.

Ушбу ҳудуд Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан ичимлик суви учун тўловларни йиғиш жадвалига киритилмаган ҳамда хонадон эгаларига тўловни амалга ошириш тўғрисида талабнома юборилмагани маълум бўлди.

Кўриниб турибдики, айрим ҳолларда мавжуд ҳолат бузиб кўрсатилган, турли уйдирмага асосланган хабарлар учраб турибди. Хўш, бундай нохолис ахборотларни тарқатишдан мақсад нима? Одамларни чалғитишми ёки ёлғон хабар бериб бўлса ҳам эътиборга тушишми? Балки юртимиз шаънига доғ туширишга ҳаракатдир бу?!

Жавоб шу саволлар замирида зоҳирдир.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА