“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

Бугунги кунда барча жабҳаларда, жумладан, тиббиёт соҳасида ҳам  ҳар куни беқиёс илмий янгиликлар кашф этилаётгани, даволаш иши бўйича янги технологиялар ва методикалар пайдо бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

–Бинобарин, жаҳон илм-фани ва тараққиёти шиддат билан ривожланаётган ҳозирги мураккаб замонда кечаги билим ва тажриба билан узоққа бориб бўлмайди. Мана шундай кескин рақобат шароитида доимий ўқиш, изланиш, янгиликка интилиш – бу ҳар бир тиббиёт ходимининг масъулиятли бурчи, керак бўлса, ҳаёт мақсадига айланиши шарт,– деди давлатимиз раҳбари. – Шу ўринда ўзимизга бир савол берайлик: Ибн Сино бобомиз қандай қилиб, ниманинг ҳисобидан буюк шифокор бўлди? Албатта, ноёб истеъдоди, беқиёс ақл-заковати билан. Лекин шунинг ўзи етарлимиди? Маълумки, улуғ табиб Бухоро ҳукмдорини оғир дарддан даволайди. Шунда амир унга катта мол-дунё ва амал таклиф қилади. Ибн Сино бобомиз эса уларнинг барчасидан воз кечиб, фақатгина сарой кутубхонасидаги китоблардан фойдаланиш учун ижозат сўрайди. Ана шу китобларни ўқиб, ўз устида тинимсиз ишлаб, у оламшумул шуҳрат қозонади. Такрор айтаман, тараққиёт ва юксалишга фақат илм, фақат таълим ва тарбия, фақат китоб орқали эришиш мумкин.

Мана шундай мисоллар барча тиббиёт ходимлари, айниқса, ёш врач ва ҳамширалар учун, юксак ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши лозим.

ЎзА