Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, Кореянинг иккита – Инчеон Миллий университети ва Ҳалла университети, Малайзиянинг UCSI университети ҳамда Ҳиндистоннинг учта – Шарда, Жайпур Манипал ва LNCT университетлари филиаллари очилиши таклиф қилинган.
Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Кореядаги элчихонаси ҳамда Корея ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ҳамкорлигида олиб борилган музокараларда Нукусда Инчеон Миллий университети ва Ҳалла университетининг филиаллари очилиши таклиф қилинган.
1979 йилда ташкил этилган Кореянинг Инчеон шаҳридаги Инчеон Миллий университети (INU) Жанубий Кореянинг энг йирик университетларидан бири бўлиб, у эрда 14 мингга яқин талаба таҳсил олади. Ҳозирги кунда университетда АКТ, муҳандислик, ҳуқуқшунослик, бизнесни бошқариш, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларида 12 та факультет мавжуд бўлиб, улар бакалавриат талабалари учун 60 дан, магистратура учун 40 та ва докторантура учун 30 дан ортиқ дастурларни намойиш этади.
Ҳалла университети (Вонжу), 1995 йилда ташкил этилган бўлиб, тахминан 3,3 минг талаба таҳсил оладиган хусусий университет ҳисобланади. Таълимнинг асосий йўналишлари бизнесни бошқариш, муҳандислик, педагогика, социология ва санъатдир.
Малайзиядаги Ўзбекистон элчихонасининг UCSI университети филиалини Нукусда очиш бўйича музокараларда ушбу университет вакиллари филиал очишга, лекин университетдан маблағ жалб қилмасдан ва эгаси сифатида ҳаракат қилишга қизиқиш билдирган.
UCSI университети (Куала-Лумпур) 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, Малайзиянинг энг йирик университетларидан биридир, у эрда 80 мамлакатдан 10 мингга яқин талаба таҳсил олади. Ҳозирги кунда университетда тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, архитектура, мусиқа, туризм ва меҳмонхона хўжалиги каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланади.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида олиб борилган музокараларда учта университет ўз филиалларини очишни таклиф қилган. Улар Шарда, Жайпур Манипал ва LNCT университетларидир.
Шарда университети (Уттар-Прадеш штати) 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, Ҳиндистоннинг энг йирик университетларидан бири. У эрда 12 та факультет ва 20 мингга яқин талаба мавжуд. Ҳозирда университетда АКТ, муҳандислик, бизнес, тиббиёт, архитектура, ҳуқуқшунослик каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш олиб борилмоқда.
Манипал университети (Ражастан штати) 2011 йилда ташкил этилган. Ушбу университет қуйидаги йўналишларда ўқитишни олиб боради: АКТ, муҳандислик, архитектура, дизайн, менежмент, журналистика, тасвирий санъат, меҳмонхона хўжалиги, ҳуқуқ ва бошқа гуманитар ва тижорат соҳаларида.
2015 йилда ташкил этилган LNCT университетида (Мадхя-Прадеш штати) 15 мингга яқин талаба қуйидаги йўналишларда таҳсил олишмоқда: муҳандислик, менежмент, бизнес, тиббиёт, Аюрведа, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқ.
Е.Қаноатов, ЎзА