Москва шаҳар Думасидаги 45 та ўриннинг 20 тасини мухолифатдаги номзодлар қўлга киритди

Якшанба куни бўлиб ўтган сайловлар якунларига кўра мухолифатдаги номзодлар Москва шаҳар Думасидаги 45 та ўриннинг 20 тасини қўлга киритди. Ҳисоблаб чиқилган бюллетенларнинг 99 фоизи натижалари шаҳар сайлов комиссияси сайтида эълон қилинди.
КПРФ (РФКП)дан Мосшаҳар думасига 13 нафар номзод ўтди. 2005 йилдан бери илк бор Мосшаҳар думасига “Яблоко” партиясининг номзоди кирди. Сайловда бу партиянинг уч номзоди ва партия қўллаб-қувватлаган яна бир номзод ғолиб бўлди, дея таъкидлайди The Bell нашри. Яна уч нафар “Справедливая Россия” номзоди зафар қучди.
25 та ўринни мустақил номзодлар қўлга киритди. Мосшаҳар думасида “Единая Россия“ томонидан илгари сурилган номзодлар йўқ. Уларнинг ҳаммаси партия обрўси тушиб кетгани боис номзодларини мустақил равишда кўрсатишди. Москва мэри Сергей Собянин бўлиб ўтган сайловларни “сўнгги йиллардаги энг ҳиссиётли” дея атади.
“Единая Россия“нинг Москва шаҳар бўлими етакчиси Андрей Метельский Мосшаҳар думасига бўлиб ўтган сайловда КПРФ номзоди Сергей Савостьяновга имкониятни бой берди. Савостьянов “Единая Россия“ фойдасига овоз бериш натижалари сохталаштирилишига уриниш бўлганини маълум қилди.
Мосшаҳар думасига ўнлаб мустақил номзодлар қўйилмади. Уларнинг сайловга қўйилмагани Москвада июль ва августь ойида оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

 

ЎзА