Ички ишлар органлари ходимлари тақдирланди

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида мамлакатимиз Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов ва бошқалар йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан қутлади. Мамлакатимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бераётгани, бу жараёнда тизимда ўзининг бор имконияти, тажрибасини сафарбар этиб, ҳалол меҳнат қилаётган ходимларнинг ўрни катта экани таъкидланди.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ мамлакатимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрами арафасида миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
5.JPG
Уларнинг орасида Беруний тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси катта инспектори Маҳмуд Уразметов ҳам бор. Тадбирда унга “Шуҳрат” медали тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари навбатдаги унвон, кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Тадбир Нукус шаҳрининг марказий майдонида давом этди. Бу ерда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига 8 та, Тергов бошқармасига 1 та, вазирликнинг тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядига 2 та махсус хизмат автомашиналари топширилди.
– Биз, ички ишлар органлари ходимлари кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, – дейди Элликқалъа тумани Ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи Романберган Абдреймов. – Байрам кунларида бизга хизмат автомашинасининг топширилиши ўзига хос совға бўлди.
Бу эътибор масъулиятимизни ошириб, ишимизнинг янада самарали бўлишига хизмат қилади.
12.JPG

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар, ЎзА