Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир ва таржимон Азиз Саид ҳамда ажойиб ҳикоялар муаллифи, шоир Исомиддин Пўлатов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Алланазар Абдиевлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонлар билан олиб борилган самимий мулоқотда ветеринария ва чорвачилик соҳасида таҳсил олаётган талаба-ёшлар орасида ҳам адабиётга ошно бўлган иқтидорли талабалар бор эканлиги ва уларга ижод билан шуғулланишлари учун яратилган шароитлар ҳақида айтиб ўтилди.

– Инсон қачон шаклланади, қачонки, китоб мутолаа қилса,– дейди шоир Азиз Саид.– Муҳаббат ҳам, ишқ ва дўстлик ришталари ҳам мана шундай уйғонади, яъни китоб инсон қалбидаги соф туйғуларни тарбиялайди ва шакллантириб боради. Оддий мутолаага меҳр бериш орқали сиз атрофингизга маърифат улашиш каби энг эзгу амални бажаришга эришасиз.

Учрашувда ижодкор талабалар сўзга чиқиб, шоирнинг шеърларидан намуналар ўқишди.

“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги учрашувлардан яна бири филиалга бириктирилган 34-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Шоир Исомиддин Пўлатов ўқувчилар билан суҳбатлашди. Ижодий тадбир давомида қаҳрамонимиз ўқувчи-ёшларни ўзининг ижод намуналари билан таништирди.

Давра суҳбатларидан сўнг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида филиалнинг ер майдонига шоир ва ёзувчилар томонидан эзгу ниятлар билан дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ижодкорлар қўлларини дуога очиб, экилган ниҳоллар яхши униб чиқиши, оғизбирчилигимиз бардавом бўлишини ният қилишди.

“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида филиалнинг зукко ва билимдон талаба-ёшларидан таркиб топган жамоалар иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Мунозара” дебат ўйинлари ўтказилди. Ўйинда филиалга ташриф буюрган меҳмон шоирлар ижодига оид саволлар ўйналди. Меҳмонлар тадбирларда бевосита иштирок этиб, талабаларнинг топқирлиги ва ўткир зеҳнга эга эканлигига гувоҳ бўлишди. Ғолиблар диплом ва китоблар билан тақдирланишди.

Ижодкорлар талабалар тураржойида истиқомат қиладиган ёшлар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашиб, бугунги ижодий муҳит, китоб мутолааси мавзулари бўйича фикр алмашдилар.

Кун давомида ўтказилган тадбирлардан сўнг филиал талабалар турар жойида гулхан атрофида адабий кеча ташкил этилди. Кеча давомида шоирлар бугунги ижодкорлар ҳаёти, уларнинг ижодий фаолияти хусусида сўз юритиб, қизиқарли маълумотларни келтириб ўтишди. Замонавий ўзбек адабиёти, ёш ижодкорлар ҳақида илиқ фикрларини билдиришди.

– “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирлар юксак савияда ташкил этилди,– дейди Исомиддин Пўлатов.–Талабалар орасида ижодга ва шеъриятга қизиқадиган ёшлар кўпчиликни ташкил этиши бизни хурсанд қилди. Биз ижодий ҳамкорлик қилишга ва тавсиялар беришга доим тайёрмиз.

“Гулхан атрофи”да ташкил қилинган адабий кеча самимий мулоқот билан давом этди. Талаба-ёшлар қорақалпоқ шоирларининг ижод намуналаридан ўқишди.

Бир сўз билан айтганда, “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирлар талаба-ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири