Йўллар халқимизни обод манзиллар сари элтувчи, аҳолининг оғирини енгил қилувчи жамоатчиликнинг энг серқатнов маконидир.

Жорий йил 29 январь куни Президент ҳузурида ўтказилган уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология йўналишлари бўйича видеоселектор йиғилишида автомобиль йўллари тизимида эскича ёндашувларга барҳам бериш зарурлиги таъкидланган, мавжуд муаммолар танқид остига олинган.

Хусусан, йўл қурилишидаги аксарият стандарт ва меъёрлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, йўл қурилиши лойиҳаларига махсус сертификатга эга муҳандис-консультантлар етарли даражада жалб қилинмагани, йўл объектларини лойиҳалаштириш ишларидан бошлаб, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, фойдаланишга топшириш  ва эксплуатация қилишгача бўлган жараёнда ажратилган ресурслардан тўғри  ва самарали фойдаланиш тизими яратилмагани, йўлларни қуриш ва эксплуатацияга бериш бўйича давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилмаётгани, транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилувчи тарозиларни ўрнатиш ишлари қониқарсиз экани қайд этилган.

Хўш, йўл қурилиши соҳасида бугунги кунда нима ишлар қилиняпти?  

Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги 6 йилда мамлакатимизда йўллар қуриш ва таъмирлашга ажратилаётган маблағлар 3 карра ошган. Қўмита таркибидаги корхоналарга 2 мингдан зиёд махсус техника харид қилинган. Булар орқали 65 минг километр йўл қурилган ва таъмирланган. 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилган, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилган. Ўтган 2023 йилда жами 12 триллион 942 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилган ва 19 минг 191 км автомобиль йўллари реконструкция қилиниб таъмирланган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 1 триллион 804 миллиард сўмлик ишлар бажарилган ва 314 км автомобиль йўллари фойдаланишга топширилган. “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 814 миллиард сўм маблағ ҳисобига 1 минг 828 км ички йўллар тўлиқ таъмирланган. “Янги Ўзбекистон” массивларида 163,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига 39 км ички йўллар қурилган.

Автомобиль йўлларида ҳаракатланаётган ҳар бир автотранспорт воситаси ҳамда пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлашда йўл белгиларининг ўрни бўлакча. Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, 2023-2025 йиллар давомида автомобиль йўлларига 50 минг дона йўл белгисини ўрнатиш, ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун тебраниш горизонтал чизиқларини жорий этиш режалаштирилган.

Айни вақтларда маҳаллий аҳамиятга молик 4К279 “Шаҳрисабз ш.—Занги қ.—Чоршанби қ.—Тезғузор қ.” автомобиль йўлининг 38—39 км оралиғида пиёдалар йўлакчасининг асос қисмини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилояти Фурқат туманидаги А376 “Қўқон шаҳри – Жиззах” автомобиль йўлининг 14-километр қисмида ҳамда Тошлоқ тумани ЙФДМ га қарашли “Марғилон айланма автойўли”нинг 9—9-километр қисмида транспорт воситалари вазнини ўлчовчи кўчма тарози иш ҳолатига келтирилиб, ўлчов ишлари олиб борилмоқда. Вилоятда йўлларнинг сифатини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида йўл тарозиларидан фойдаланиш амалиёти кенг жорий этилмоқда. Худди шу каби кўчма тарозилар Сирдарё вилояти Оқолтин туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси тасарруфидаги халқаро аҳамиятга эга бўлган М-39 “Тошкент —Термиз” автомобиль йўлининг 918+200 километрида ҳам ишлаб турибди.

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 4r160  “Урганч—Манғит—Туркманистон Респубикаси чегараси” автомобиль йўлининг 65—66-километр қисмидаги эски асфальт қопламаси фреза ёрдамида олиб ташланиб, ўрнига янги асфальт қопламасини босиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари учун мазкур автомобиль йўлига 211 тонна асфальт олиб келинган.

М37 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 276—277-километри оралиғида Бухоро “Йўллардан мунтазам фойдаланиш” давлат муассасаси томонидан жорий таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Асфальт ётқизилиб, каток ёрдамида зичлаш ишлари бошлаб юборилган.

Қайд этилишича, жорий йилда йўллар сифатини яхшилаш учун ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, жумладан таннархни пасайтириш ва оптималлаштириш, қимматлашувнинг олдини олиш ишлари олиб борилади. Йўл ишлари бўйича техник топшириқ шартларини ишлаб чиқишда намунавий лойиҳа андозаларидан воз кечилиб, ҳар бир лойиҳага алоҳида ёндашган ҳолда йўл қопламалари конструкцияларига замонавий материаллар ва технологиялар қўлланилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА