Бугун Россия Федерацияси Қозон шаҳрида “Келажак ўйинлари” фигитал концепция бўйича халқаро тадбир старт олади. Мазкур анжуман ўз қамровига кўра, жисмоний ва рақамли ўлчовли мусобақаларни бирлаштирган янги форматдаги спорт шоусидир.

Тадбир 21 инновацион фан (16 асосий ва 5 кенгайтирилган дастур) бўйича ўтказилади. Ҳар бир фан “фигитал” (physical+digital), тушунчасини ифодалайди, яъни жисмоний тарбия ва кибер спортни мужассамлаштиради. Мусобақада кибер спорт, робот техникаси, кенгайтирилган ва виртуал реаллик, ахборот технологияси ва сунъий интеллект соҳаларидаги энг сўнгги ишланмалардан фойдаланилади.

107 мамлакатдан 2000 га яқин иштирокчининг маҳоратини жами 150 миллиондан кўпроқ томошабин кузатиб бориши мумкин.

“Келажак ўйинлари” ўтадиган асосий жой “Казан Экспо” кўргазма мажмуасидир.

3 мартга қадар давом этадиган анжуманнинг мукофот жамғармаси 10 миллион доллар, турнир ҳамкорлари “Газпром”, “Россия темир йўллари”, “Интеррос”, “Yota”, “VK Play”, “Сибур”, “Wildberries”, “Aэрофлот” сингари йирик брендлар.

“Келажак ўйинлари”нинг тантанали очилиш маросимида РФ Президенти билан бирга Ўзбекистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон раҳбарлари ва яна бир қатор давлатлар юқори мансабдор шахслари иштирок этиши кутиляпти.

Гўзал Сатторова, ЎзА