Ҳуқуқий муносабат

Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5 миллион 500 минг нафарга ўсиб, 36 миллиондан ошди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида янги турар жойлар қурилмоқда.

Жумладан, ўтган йили 60 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. 31 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури бошланди. Хўш, агар қурувчи томонидан хонадон вақтида топширилмаса кимга мурожаат қилиш керак? Бу ҳақда “BUSINESS LAWYERS GROUP“ адвокатлик фирмаси адвокати Муҳриддин Шамсиддинов батафсил маълумот берди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 майдаги қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги низомнинг 41-бандига кўра, қуйидаги ҳолатларда қурилиш мажмуаси ваколатли давлат органи томонидан муаммоли объектлар тоифасига киритилади.

Хусусан, қурилиш ва шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг қўпол равишда бузилиши, қурилиш объектларини фойдаланишга топшириш муддати асоссиз равишда олти ойдан ортиқ муддатга кечикиши, қурувчи томонидан улушдорларга қурилиш объектларини топшириш мажбурияти бузилиши ёки уни банкрот деб топилиши.

Низомнинг 42-бандига асосан муаммоли объект бўйича материаллар ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА