Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ташаббуси билан жорий йилнинг 18 – 19 ноябрь кунлари бир гуруҳ журналистлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Оролбўйига пресс-тур ташкил этилди.

Ҳудуддаги умумфойдаланувдаги автомобиль ва ички хўжалик йўлларини тўлиқ ҳамда жорий таъмирлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, таъмирталаб 237 километр йўлнинг 9 километрида реконструкция, 3 километрида тўла таъмирлаш, 92,5 километрида жорий таъмирлаш, маҳаллаларда биринчи навбатда таъмирланиши зарур бўлган 116,7 километр йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди.

Тадбир иштирокчилари  Қўнғирот туманидан ўтган А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 964 – 1204 километри оралиғидаги (240 км) қисмини цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш, ушбу йўлнинг Нукус шаҳридан ўтган 753 – 698 ҳамда 581 – 673 км (92 км) қисмини реконструкция қилиш жараёнлари билан танишди.

–Ушбу реконструкция ишларига Озарбайжоннинг “North West Construction LLC” ва Хитойнинг “Road and Bridge Corporation” компаниялари (CRBCChina) жалб қилинган бўлиб, айни кунда иш жадал давом этмоқда, – дейди Осиё Тараққиёт банки иштирокидаги А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг 964-1204 км қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи муҳандиси Баҳодир Болтабоев. – Шундан бугунги кунга 140 километрига цемент-бетон қоплама ётқизилди.

Тадбир иштирокчилари Амударё туманидаги дарё устидан ўтадиган темирйўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги қурилиши жараёнларини кузатиб, йўлсозлар билан мулоқот қилди. Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан Тошкент давлат транспорт университети билан юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга кенг йўналтириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, автомобиль йўллари муҳандислиги факультети талабаларининг назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида йўл қурилиш-таъмирлаш объектларида ишлаб чиқариш амалиётини ўташ учун шароитлар яратилган. Мазкур олий ўқув юрти ўқитувчи ва талабалари тадбирда иштирок этиб, назарий билимларини амалиёт билан боғлаш имконига эга бўлди. Шунингдек ўқув-илмий полигонларда соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш, йўл қурилиш-таъмирлаш ишларига янги материалларни татбиқ этиш бўйича тажриба-синов ишлари ҳақида маълумотлар берилди.

Мамлакатимизда йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш ва рақамлаштириш, соҳада сифат назоратини кучайтириш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хусусий сектор корхоналарини кенг жалб қилиш учун шароит яратиш ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 октябрдаги “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўл ишларига ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини назарда тутадиган тизим (ҳажм усули) жорий этилади. 2025 йил 1 январдан бошлаб янгидан бошланадиган объектларда йўл-қурилиш ишлари бўйича лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан, хусусий сектор томонидан амалга оширилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 километргача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади. Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан ажратиладиган имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида “лойиҳалаш – қуриш – эксплуатация қилиш” услубини жорий қилган ҳолда лойиҳалар амалга оширилади.

Мазкур қарор билан соҳада давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш ва ривожлантириш мақсадида пуллик автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш бошланади. Жумладан, давлат дастурига мувофиқ, 2026 йилгача ҳудудлардаги 897 та кўприк қайта тикланади. Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастурига мувофиқ 50 минг километрдан ортиқ автомобиль йўли, шундан 13,5 минг километрдан ортиқ ички йўллар таъмирланади, 25,3 минг километрдан ортиқ тупроқ йўллар 2025 йил якунига қадар тўлиқ қаттиқ қоплама йўллар тоифасига ўтказилади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш бўйича аниқ лойиҳалар, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш ишлари, жумладан, автомобиль йўллари бўйида “яшил белбоғ”лар ташкил этилиши бўйича амалий ишлар олиб борилади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари