Турмуш ва адабиёт юки, ташвишини биргаликда тортиб келган инсонлар ҳақида гап кетганда, шубҳасиз, кўз ўнгимизда биринчилардан бўлиб қорақалпоқ адабиётининг ёрқин намоёндалари Узақбай Пиржанов ва Шийрин Халмуратовалар ҳам келади.

Ҳар икки адиб – шоир ва шоиранинг ижоди билан танишар экансиз, уларнинг илдизи теранлигига, қорақалпоқ халқ оғзаки меросидан сув ичганига амин бўласиз.

Орол денгизи мавжлари, тўлқинлари хотирага айланиб бораётган кезлар Шийрин Халмуратова “Булбул саси тонгда мени уйғотар” дея ёзган эди. Ватан, киндик қони томган ерга чексиз муҳаббати бўлган инсоннинггина қалбида бундай самимий ҳислар яшайди.

Шийрин опанинг умр йўлдоши Узақбай Пиржановнинг қисса ва ҳикоялари, шеърларида ҳам қорақалпоқ элининг орзу-ўйлари, қалб ҳароратини ҳис қилиб турасиз.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида Узақбай Пиржановнинг “Хазонрезги” номли китоби “Адиб ва жамият” рукнида нашрдан чиқди.

Китобдан Узақбай оғанинг “Сурат”, “Оқтол остидаги оқшом” қиссалари, “Сўзи тилла шоир”, “Бўзтўрғай”, “Яхшилар сўзи” каби бадиалари, шеърлари ва адиб асарларига бағишланган адабий тадқиқотлар ўрин олган.

“Ҳаёт ва ижод ўзга-ўзга қутбларда шаклланмайди, қандай ҳаёт кечирсанг, шундай ёзасан. Маддоҳнинг айтган ҳақ сўзидан ҳам жирканч нафас уфуриб туради” деб ёзган адиб асарларини мутолаасига киришишдан олдин бир лаҳза тараддудланиб қолиш табиий.

Таниқли ёзувчи Шойим Бўтаевнинг кенг ва батафсил сўзбошиси эса Узақбай Пиржанов ижодига кириш учун ўзига хос калит вазифасини ўтайди.

ЎзА