Туркия ва Ўзбекистонни ўхшаш тил, анъана ва удумлар, ягона дин, азалий дўстлик ва уйғун маданий алоқа боғлаб туради. Икки халқ тамаддуни геосиёсий жойлашув ва тарихий тараққиётдан тортиб, ҳозирги ривожланиш босқичида кечаётган ислоҳотлар ўзига хослигигача бўлган кўплаб умумий жиҳатга эга.

Қардош халқ – Туркия Осиё ва Европа қитъаларини туташтирган ягона давлат сифатида бутун дунёга ўзини намоён этяпти. Мамлакатда юз бераётган воқеа-ҳодисалар жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат-эътиборида. БМТ, ЕИ каби йирик халқаро тузилмалар ушбу давлат сиёсий қарашини акс эттирувчи ҳар қандай масалани қўллаб-қувватламоқда. Иқтисодий барқарорлик тамойили кўплаб минтақалар фаолиятига ижобий таъсир ўтказмоқда.

Ўзбекистон ва Туркиянинг тарихи, бугуни ва эртаси яқин ҳамкорлик, дўстона муносабат шиддатли ривожланиши суръатида акс этади. Мамлакатларимиз ҳукуматлараро сермазмун лойиҳаларни мувофиқлаштираётгани, халқларимиз манфаати йўлида қарорлар қабул қилинаётгани ҳар биримизни қувонтиради.

Келинг, гапни умумий тарих билан боғланган ўзбеклар ва турклар қондош эканлигидан бошлайлик. Бугунги туркларнинг аждодлари замонавий Туркия ҳудудига Мовароуннаҳр заминидан кириб келган. Шу боис Ўзбекистон Туркияда аждодлар замини ҳисобланади ва “ота юрт”, дея улуғланади.

Бугун турк диёрида катта байрам – Республиканинг юз йиллиги тантаналари бошланди. Истанбул, Анқара ва Измир шаҳарларида махсус тадбирлар ташкил этилган. Ташкил топганидан то бугунга қадар шаклланган асрий тарих юбилейига мамлакат муносиб тантана билан, ҳамжиҳат етиб келди, дейиш мумкин.

Турли нуқталарда ўрнатилган улкан мониторларда энг замонавий технологиядан фойдаланилган ҳолда рақамли кўргазмалар, уч ўлчовли – 3D форматдаги тақдимот орқали акс эттирилган юз йиллик натижа фуқаролар кўнглига ўзгача ғурур бағишлайди.

Ранг-баранг маданий-маърифий тадбирлар, ўйин-кулги, спорт мусобақалари қизғин тус олган. Кўргазма майдонига кираверишда Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг “Орзуларим бор эди…” мақоласини ўқиш мумкин.

– Давлат бошқаруви жараёнидаги вазифаларимизни бажариш давомида мамлакатимизни шундай тарихий меросга муносиб даражага етказиш учун курашдик, – дейилади етакчи мақоласида. – Ўтмишдан бугунгача қурган кўприкларимиз билан Туркияни ҳар соҳада дунёнинг энг илғор давлатлари қаторига кўтаришга аҳд қилдик. Айниқса, мудофаа саноатини ўзимизни таъминлай олиш даражасига етказиш учун кўп меҳнат қилдик.

Томошабинлар экранда “Турк миллатининг юқори технологияли тизимларини ишлаб чиқариш ва фойдаланиш қобилиятини муваффақият билан дунёга намойиш қилдик” деган эътирофни ўқиши мумкин. Давлат раҳбари мақоласидаги фикрлар хорижий меҳмонларни ҳам қизиқтиряпти.

Байрам муносабати билан ташкил этилган кўргазмадаги рақамли экранларда “Тинчлик асри”, “Транспорт асри”, “Таълим асри”, “Ишлаб чиқариш асри”, “Куч асри”, “Мудофаа асри”, “Илм-фан асри”, “Саломатлик асри”, “Энергетика асри”, “Меҳр-оқибат асри” ва “Ўтмишдан бугунимизга” мавзуларига қаратилган кўрсатувлар намойиш қилинмоқда.

Туркия улкан шодиёна бўсағасида: тадбирлар давом этади.

ЎзАни кузатиб боринг…

ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.