Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев Грузия Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари T.Tкешелашвили билан учрашди.

Учрашувда икки давлат адлия вазирликларининг кўп йиллик ҳамкорлигига алоҳида урғу берилди.

Томонлар мавжуд идоралараро муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик доирасидаги тадбирларни давом эттириш бўйича фикр алмашди. Ўзаро тажриба алмашишга қаратилган қатор ишларни ўтказиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Хусусан, ҳамкорлик доирасида давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, давлат органлари фаолиятидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўйича кенг тажриба алмашилади.

Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва аҳолига уларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги фаолияти бўйича тажриба алмашиш ва бошқа  масалалар муҳокама қилинди.

Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА