Ижтимоий тармоқларда пул ишлашнинг осон йўли, мўмай даромад топиш ваъда қилинган хабарларга алданиб қолиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Фейк сайтлар орқали кам пул тикиб, бундан катта фоиз олиш мумкинлиги айтилади. Одамлар эса тикилган маблағнинг кўпайиб бораётганини кўриб туради. Бу платформалар машҳур шахслар ёки катта компаниялар номидан “ташкил қилингани” тармоқ фойдаланувчиларини қизиқтириб қўйиши ва алданиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари турли акциялар, ютуқли ўйинлар ҳақидаги хабарларга қизиқиб, алданиб қолиш ҳолатлари ҳам кўп.

Юқоридаги ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги тезкор қидирув департаменти киберхавфсизлик маркази томонидан фейк хабарларни аниқловчи платформа яратилди.

Маълумот учун, ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202 моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, Оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш Базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244 моддасига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Интернет ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан зарурият бўлмаганда, ўзи билмаган ва ишонмаган ҳар хил сўровнома, савол-жавоб, акциялар, электрон ҳаволалар, электрон ва онлайн ўйинлар ва бошқа фейк эълонларга кирмасликни ҳамда ўзининг шахсий маълумотларини ошкор этиб алданиб қолмасликни сўраб қоламиз.

 

М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА