Халқимизда азал-азалдан кексаларга ҳурмат-эътиборда бўлиш, уларни асраб-авайлаб, маслаҳатларига, насиҳатларига қулоқ тутиш инсонийлик фазилатлардан бири ҳисобланган. Саёҳат инсонга нафақат мазмунли ҳордиқ, ёқимли лаҳзалар тақдим этади, балки тажриба ва билим, кенг дунёқарашга ҳам эга бўлиш имконини беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O’zLiDeP фракцияси аъзоси Баҳодиржон Сидиқов “Амударья”, “Жийдели байсин”, “Анасай” ва “Саманбай” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кекса авлод вакиллари учун Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрига саёҳат ташкил қилди.

Туркистон шаҳридаги Хўжа Аҳмад Яссавий меъморий мажмуаси Соҳибқирон Амир Темур буйруғига асосан 1385 – 1405 йилларда бунёд этилган. Туркистон деганда, буюк аждодларимиз яшаган бепоён тарихий макон кўз олдимизга келади. Айни пайтда қўшни Қозоғистоннинг тарихий кентларидан бири ҳам Туркистон деб аталади. Турк дунёсининг юраги бўлган бу кўҳна шаҳар аҳли буюк мутафаккир, шоир, Яссавия тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавий номи билан ҳақли равишда фахрланишади. Яссавийнинг шаҳар марказидаги мақбараси турли давлатлардан келган зиёратчилар билан гавжум.

– Депутат  ташаббуси  билан   мазкур саёҳатга  турли соҳаларда фидоий  меҳнат қилган 50 нафардан зиёд нуронийлар борди, – дейди O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири С.Заитов. – Ёши улуғ онахон ва отахонлар  кўрсатилаётган эътибор ва ҳурматдан кўнгиллари тўлди ва ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири