Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида. Бу янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Ушбу қатъий меъёр мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 1 июнда “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш борасидаги ишларни тизимли ташкил этишни йўлга қўйишга хизмат қилади. Шунингдек, соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган ўзига хос бошқарув тизимини жорий этишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда савол туғилади, бугунгача аҳолига сифатли ижтимоий хизмат кўрсатиш йўналишида қандай ишлар амалга оширилди?

Охирги беш-олти йилда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига эътибор қаратиш янги босқичга кўтарилди. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан икки бараварга ошди. Натижада кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови беш баробарга кўпайди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.

Бу мавзуда яна кўплаб маълумот ва рақамлар келтириш мумкин. Зеро, Янги Ўзбекистонда барча ислоҳотлар замирида инсон қадри ва манфаати туради.

Бугунги кунда давлат томонидан кафолатланган ижтимоий ҳимоя дастурлари кўплаб хизмат ва ёрдамларни қамраб олган. Бу хизматлар қатор вазирликлар томонидан бир биридан тарқоқ тарзда амалга ошириб келинади. Президент фармони мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилишга қаратилгани билан долзарб. Бу борада фармонда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этиш кўзда тутилганлиги муҳим аҳамиятга эга.

Маълумотларга кўра, ушбу фармонни тайёрлашда халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат ишчи гуруҳ фаолият олиб борган.

– Шу ўринда Ўзбекистоннинг ўтган йили ижтимоий ҳимоя стратегиясини қабул қилганлигини таъкидлаш жоиз, – дейди Халқаро меҳнат ташкилотининг ижтимоий ҳимоя лойиҳалари бўйича координатори Нилуфар Камолова. – Бу стратегияда ижтимоий ҳимоянинг ҳар бир йўналиши бўйича узоқ ва яқин муддатли мақсадлар белгиланган. Ишончимиз комилки, 2030 йилга қадар Халқаро меҳнат ташкилотининг 102-конвенцияси бўйича ижтимоий ҳимоянинг тўққизта йўналишида минимал ижтимоий таъминотларга эришилади. Бу борада кенг кўламдаги ҳаракатлар олиб борилаётгани қувонарли.

Дарҳақиқат, ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш муҳим саналади. Бунинг учун 2023 йил 1 июлдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг туман ва шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳлар ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлайди. Ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантиради.

– “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилар экан, унинг номига эътибор қаратдим, – дейди Ёзги паралимпия ўйинлари совриндори Миран Сахатов. – Бугун Ўзбекистонда инсон қадри юқори қўйилмоқда. Бу марказлар ногиронлиги бўлган, кам таъминланган ва ёлғиз кексаларга хизмат кўрсатади. Биз авваллари кўплаб хизмат марказларига мурожаат қилардик. Ҳозир улар комплекс бўлиб, бир соҳага – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йўналтирилмоқда. Муаммоларимизнинг бир жойда ҳал бўлиши бизга кўплаб қулайлик келтиради. Бундан барча хурсанд бўлади.

Эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш кўзда тутилган. Бу нимани англатади? Ижтимоий ходимлар гуруҳлари шу тоифадаги аҳолидан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилади. Заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юборади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузурида 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ташкил этиш белгиланган. Жамғармага йўналтирилган маблағлар ижтимоий ва махсус таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш, протез-ортепедия ва реабилитация воситаларини харид қилиш, махсус ўқув, дидактик ҳамда бошқа муқобил материалларни харид қилиш каби 55 та йўналишга сарфланади.

Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилганлигини олқишлади.

Бу халқаро майдонда Ўзбекистоннинг алоҳида шахслар ва оилаларнинг ҳаётлари давомида камбағаллик, заифлик, ижтимоий чекланишини камайтириш ҳамда олдини олишга қаратилган миллий стратегияси эканлиги таъкидланмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ, 
ЎзА мухбири.