Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 24 ноябрдаги қарорларига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари деҳқон хўжалигини юритиш учун “e-auksion.uz” электрон савдо платформаси орқали ижарага берилмоқда.

2022 йилда “e-auksion.uz” платформаси орқали 301 минг 458 гектар ер майдони қишлоқ ва деҳқон хўжалиги мақсадлари учун аҳоли ва тадбиркорларга ижарага берилди. Муваффақиятли равишда йўлга қўйилган электрон танловларда 955 минг нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Жорий йилда ҳам деҳқончилик учун ер майдонларини 30 йил муддатга ижарага бериш режалаштирилган бўлиб, айни вақтда 102 мингдан ортиқ ер майдонлари савдода турибди.

Очиқ электрон танловда ўн саккиз ёшга тўлган, муомалага лаёқатли Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирок этиши мумкин. Савдода қатнашиш учун жисмоний шахс “e-auksion.uz” платформасидан рўйхатдан ўтиши, шахсий маълумотларни киритиши, БҲМнинг бир баравари миқдорида гаров пулини шахсий кабинетга киритган ҳолда электрон рақамли имзо калити ёрдамида ариза юбориши талаб этилади.

Савдо куни соат 9:30да “e-auksion.uz” платформаси ариза берган талабгорларни тегишли мезонлар асосида баҳолайди ва энг юқори балл тўплаган талабгорни ғолиб деб эълон қилади. Баллар тенг келиб қолганида биринчи бўлиб ариза берган талабгор ғолиб деб топилади. Ғолиб савдо якунлангандан кейинги 5 иш кунида шартнома имзолашга розилик билдирса, унинг номига ғолиблик баённомаси расмийлаштирилади.

Айни пайтда Андижондан 18 минг 310 та, Бухородан 9 минг 761 та, Жиззахдан 4 минг 3 та, Қашқадарёдан 9 минг 500 та, Навоийдан 2 минг 878 та, Намангандан 14 минг 298 та, Самарқанддан 3 минг 386 та, Сурхондарёдан 1 минг 292 та, Сирдарёдан 3 минг 421 та, Тошкентдан 9 минг 178 та, Фарғонадан 8 минг 543 та, Хоразмдан 8 минг 427 та ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 1 минг 870 та ер участкалари савдода турибди.

 

ЎзА