Пластик карталар тўлов тизимининг энг қулай ва осон воситаси сифатида тобора оммалашиб бормоқда. Бу албатта, истеъмолчилар манфаати учун хизмат қилади ва тўловда қулайлик яратади.
Лекин Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига келиб тушаётган фуқароларнинг шикоятлари баъзи сотувчиларнинг қонунни бузаётганлигини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида фуқаролардан 748 та ариза келиб тушган бўлса, шуларнинг 198 таси савдо соҳасига тегишлидир. Улар орасида сотувчилар томонидан нақд пул ва пластик карточкаларга бир хил нархда савдо қилмаслик бўйича ариза ва мурожаатлар мавжуд.
Жумладан, Тўрткўл туманидаги савдо комплексида 801-802-сонли дўкондан фуқаро З.Мавленова 400 минг сўмлик сандиқ сотиб олмоқчи бўлган. Лекин, сотувчи турли баҳоналарни айтиб истеъмолчига пластик карточкага савдо қилмаслигини айтган. Истеъмолчи Тўрткўл туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма ариза билан мурожаат қилган. Унинг мурожаати кўриб чиқилиб, жамият ходимлари томонидан сандиқ истеъмолчининг пластик карточкасига сотиб олиб берилган.
Яна бир мисол.
Фуқароларга озиқ овқат маҳсулотларини арзон нархларда етказиб бериш мақсадида Нукус деҳқон бозорида ташкил қилинган ярмаркада ҳам пластик карточкаларга қўшимча нарх қўйиб сотаётган сотувчиларнинг бор эканлиги Нукус шаҳри А.Досназаров кўчасида яшовчи фуқаро С.Алмашованинг оғзаки мурожаатига кўра маълум бўлади. Мазкур муаммо бўйича Федерациянинг ҳуқуқий бўлим мутахассислари ўрганиш ишлари олиб боради ва мазкур ҳолатни бартараф қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги