Президентимизнинг жорий йил 18 июлдаги «Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу тузилма ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришга хизмат қилмоқда.

Яқинда иш бошлаган Нукус полимер заводи меҳнат жамоаси йиғилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси этиб илғор ишчи Азамат Ортиқов сайланди.

Мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхоналари – “Устюрт газ-кимё” ва “Шўртангаз” мажмуаларида ишлаб чиқарилаётган полиэтилен ва полипропилен гранулаларини қайта ишлаб, газ ва канализация тармоқлари учун замонавий пластмасса қувурлар тайёрлаётган заводда бугунги кунда 80 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ёшлардир.

– Бу вазифа зиммамга катта масъулият юклайди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг корхонадаги бошланғич ташкилоти етакчиси А.Ортиқов. – Жамоамизда меҳнат қилаётган ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш учун бор куч-ғайратим ва билимимни аямасликка сўз бердим. Йилига 8 минг тонна полиэтилен ва полипропилен гранулани қайта ишлаш қувватига эга корхонамиз ёшлари мамлакатимиз халқ хўжалиги учун зарур бўлган 12 хилдаги қувурлар ишлаб чиқаришда фаоллик кўрсатмоқда.

Биринчи йиғилишнинг ўзидаёқ етакчига ёш оилаларни имтиёзли кредит ҳисобига турар жойлар билан таъминлашга кўмаклашиш, корхонага шаҳар транспорти қатновини ташкил этиш каби долзарб масалалар бўйича мурожаат қилишди.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА