Ойга автоматлаштирилган станция жўнатилади

Мамлакат бош вазири Нарендра Моди 15 август куни омма олдидаги навбатдаги чиқишида ҳукумат космосга 2020 йилгача ўз учувчилари миссиясини жўнатишини маълум қилган, дея хабар бермоқда “РИА Новости“ .
Бош вазир мамлакат мустақиллиги тантанаси муносабати билан ташкил этилган тадбирда сўзлаган нутқида “Биз 2020 йилга қадар ёки ундан аввалроқ ҳинд халқининг космосга ташрифини режа қилдик. Энди ҳинд фарзанди қўлида мамлакат байроғини тутган ҳолда космосга парвоз этади. Мен халқимиз олдида ушбу янгиликни эълон қилишдан мамнунман”, дея таъкидлади.
Мамлакат мустақилликка эришгандан буён ўз космик дастури устида ишлаб келади. Космик тадқиқотлар давлат идораси раҳбарлигида илмий изланишлар йўлга қўйилган.
Ҳиндистоннинг ҳозирги космик тадқиқотларида “Чандраян-2“ энг асосий лойиҳа ҳисобланади. Ушбу лойиҳа 2008 йилда ойга юборилган ускуна “Чандраян-1“ лойиҳасининг давомидир. “Чандраян-2“ лойиҳасига кўра, мамлакат ойга автоматлаштирилган станция жўнатади.
Эслатиб ўтамиз, дунё мамлакатлари орасида Россия, Хитой ва Қўшма Штатлар ойга парвоз уюштирган эди.

 

З. Мирзабоева, ЎзА