Маруса Ҳосилова: “Газетамиз нодавлат бўлса-да, доимо ҳукумат эътиборида эканимизни ҳис этамиз”

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланган бир гуруҳ фидойи журналистлар қаторида нодавлат оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам борлиги қувонарлидир.
Мамлакатимизда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг тармоғи йилдан-йилга кенгаймоқда. Улар жамиятимизда руй бераётган воқеалар, фикр ва қарашлар ранг-баранглигини, ўзаро ижодий рақобат муҳитини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда. Шу боис ҳам уларнинг сони ортиб, аудиторияси кенгайиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда мавжуд теле-радиоканалларнинг 60 фоизини босма нашрларнинг эса 50 фоизидан зиёдини айни нодавлат-нотижорат оммавий ахборот воситалари ташкил этмоқда.
– Менга ҳам давлатимизнинг юксак мукофоти топширилди, – дейди Навоий вилоятидаги «Табиат ва ҳаёт » нодавлат экологик-маърифий газетаси муҳаррири Маруса Ҳосилова. – Газетамиз нодавлат бўлса-да, доимо ҳукумат эътиборида эканимизни ҳис этамиз. Хусусан, кейинги 7 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантларини бир неча маротаба ютиб олдик. Бу маблағлар эвазига жойларда соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи, табиий бойликларни асрашга чорловчи бир қатор лойиҳаларни амалга оширдик. Ушбу мукофот келгусида фаолиятимизни янада жадаллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

ЎзА