Давлат музейи янги биноси фойдаланишга топширилди

Нукусда энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйида маданият, адабиёт, санъат соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи, Ёш томошабинлар ҳамда Қўғирчоқ театрлари, Мўйноқ туманида маданият бўлими, Амфитеатр, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ва бошқа кўплаб иморатларда олиб борилган қурилиш, реконструкция, мукаммал таъмирлаш ишлари бунинг яққол исботидир. Янгидан қуриб битказилган Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи биноси Нукус шаҳрининг кўркига кўрк қўшиш билан бирга аҳоли, шу жумладан ёшларимизни тарихимизга, миллий урф-одат ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, музей ҳар бир халқнинг ўтмишидан бугунги кунигача сақланиб келинаётган шажараси ҳисобланади. Шундай экан, музей орқали халқнинг тарихини, давр руҳини ҳис қилишимиз мумкин. Қаерда маънавият ва маърифат қадр топса, кўз қорачиғидек авайланса, шу ернинг фарзандлари комил инсонлар бўлиб вояга етади.
Мана шундай аъло фазилатли халқимизнинг тарихини, санъат асарларини ўзида жамлаб, деярли 90 йилдан буён беминнат хизмат қилиб келаётган Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2018 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи номи берилди. Қарор ижросини таъминлаш доирасида 2017-2027 йилларда давлат музейлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастури қабул қилинди. Ушбу асосда музейнинг янги биноси “Нукус уй-жой қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли қуриб битказилиб, истиқлол байрами арафасида халқимизга совға қилинди.
– Бундай эътибор ва ғамхўрлик зиммамизга Оролбўйида тарих, этнография, маданият, санъат ва экология йўналишларидаги ички туризмни янада ривожлантириш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, бу ердаги экспонатларни эъзозлаб сақлаш ва келгуси авлодга етказишдек долзарб вазифа юклайди, – дейди музей директори Венера Матекеева. – Миллий меъморчилик намунаси асосида қурилган бинода барча шароитлар мавжуд. Жумладан, 7 та замонавий ускуналар билан жиҳозланган фонд хонаси, витрина, ёриткичли аудиогидлар ташриф буюрувчилар хизматида.
Иштирокчилар янги бинода яратилган қулайликлар ва кўргазмалар билан танишди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок этди.
photo5422519090670578223.jpg
photo5422519090670578224.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА