Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ҳар бир фуқаронинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиб, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳимдир.

2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш орқали ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи  амалга оширилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги ташаббус ва таклифларини амалга ошириш доирасида 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” Глобал форуми ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасихалқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган:

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури (кейинги ўринларда – Миллий таълим дастури) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилсин.

3. Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия (кейинги ўринларда – Миллий комиссия) (А.Саидов) Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:

мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борсин;

доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотнинг расмий веб-саҳифаларда ва оммавий ахборот воситаларида жойлаштириб борилишини таъминласин;

ҳар олти ойда Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин;

ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминласин.

Белгилансинки, ахборот-таҳлилий шарҳлар ва уларнинг таржималарини чоп этиш ва эълон қилиш билан боғлиқ харажатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига (кейинги ўринларда – Марказ) Давлат бюджети доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

4. “Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ишчи органи – Марказга тақдим этиб борсин.

5. Олий Мажлис палаталарига Миллий комиссиянинг Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини эшитиш ва танқидий муҳокама қилиб бориш тавсия этилсин.

6. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”“Аёллар ҳуқуқлари”“Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилсин.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Марказ билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этиладиган профессионал ва олий таълим ташкилотларининг аниқ рўйхатини шакллантирсин ҳамда тегишли ўқув дастурларини такомиллаштириш чораларини кўрсин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 июндан бошлаб Марказ томонидан ҳар йили:

“Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;

ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.

Марказ:

а) уч ой муддатда:

Миллий танловни ўтказиш бўйича Низом ва дастурни ишлаб чиқсин ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишиб, тасдиқласин;

ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида тегишли ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренингларни ўтказиш бўйича режа-графикни тасдиқласин;

б) 2023 йил 1 апрелга қадар:

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”“Инсон ҳуқуқлари”“Бола ҳуқуқлари”“Аёллар ҳуқуқлари”“Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” туркум қўлланма ва рисолаларни тайёрлаш ва чоп этиш чораларини кўрсин;

Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформани яратиб, ишга туширсин.

Белгилансинки, мазкур бандда назарда тутилган топшириқларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Марказга Давлат бюджети доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

8. 2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилсин.

Марказ ва Бош прокуратура:

мазкур ўқув курсларини ташкил этиш учун масъул этиб белгилансин;

икки ҳафта муддатда қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ўтказиш графигини тасдиқласин.

9. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (О.Хасанов) Давлат бошқаруви академияси (А.Бекмуродов) билан биргаликда:

2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилсин. Бунда, мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат этилсин;

2023 йил 1 апрелга қадар Марказ билан биргаликда соҳаларнинг ўзига хосликларини инобатга олган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалалари бўйича ўқув курслари модули ва дастурини ишлаб чиқсин.

10. Миллий комиссиянинг:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар йўналишини ташкил этиш;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари фондини Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича тизимлашган илмий-ҳуқуқий манбалар билан доимий таъминлаб бориш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

11. Марказ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларини:

халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари;

инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув, илмий-услубий ва халқаро нашрлар;

инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича юритилаётган хронология материаллари билан тизимли равишда таъминлаб борсин.

12. Марказнинг жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Марказ:

а) бир ҳафта муддатда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш дастурини тасдиқласин;

б) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда давлат таълим муассасаларида:

“Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” доирасида ўтказиладиган тадбирларда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусига алоҳида эътибор қаратилиши;

2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловларда аёллар, бола ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари қамраб олинишини таъминласин;

в) Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда маҳаллаларда ёшлар иштирокида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида турли даражадаги маърифий анжуманлардавра суҳбатлариучрашувларнинг ўтказилиши, шу жумладан, уларнинг видеоконференцалоқа орқали Марказ ходимлари иштирокида ташкил этиш;

г) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев) ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) билан биргаликда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.

13. “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари асосида хорижда бакалавриатмагистратура ва докторантурада таълим олиш ҳамда малака ошириш дастурларининг мақсадли кўрсаткичларини тузишда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича буюртмачи вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олсин.

14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кучимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Халқаро пресс-клуб (Ш.Қудратхўжаев):

ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тушунтирилишини;

Миллий таълим дастурининг амалга оширилиши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларнинг кенг жамоатчиликка тезкор етказилишини таъминласин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Марказ директори А.Х.Саидов белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2023 йил 7 февраль