Компьютерларни бузиш билан шуғулланадиган Anonymous хакерлар гуруҳи Россияга киберуруш эълон қилди ва RT телеканалига уюштирилган хакерлик ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

«Anonymous жамоаси Россияга расман уруш эълон қилади», – дейилади гуруҳнинг Twitter орқали тарқатган баёнотида. Хакерлар ўз хабарларига #Ukraine хештегини қўшиб қўйган.

Аввалроқ RT телеканали чоршанба кунидан буён сайтига DDoS-ҳужумлари уюштирилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Шунингдек, киберҳужумларнинг 27 фоизи АҚШ ҳудудидан уюштирилаётгани ҳам айтиб ўтилган.

Пайшанба куни Кремль, Россия ҳукумати, Давлат думаси ва Федерация Кенгаши сайтлари ҳам қийналиб ишлаган. Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков маъмурият ресурслари ҳужумга учрамаганини маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.