ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги “KUSHMAG” масъулияти чекланган жамиятида замонавий эшик ва темир дарвозалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Корхона маҳсулотларига аҳоли ҳамда корхона ва ташкилотлар томонидан талаб юқори. Буюртма асосида маҳсулотлар Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларига етказиб берилмоқда.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун катта имтиёзлар берилмоқда, – дейди МЧЖ раҳбари Марат Комеков. – Биз, тадбиркорларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, солиқ тўлашда ҳам енгилликлар яратилди. Бу фаолиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги 4-5 йил ичида мазкур корхона цехлари замонавий ускуналар ҳамда асбоб-анжомлар билан таъминланди. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва тури янада ортди. Бундан ташқари, корхонада меҳнат қилаётган ишчиларнинг ижтимоий аҳволи ва ойлик маоши яхшиланди. 2012 йили 2 киши билан фаолият йўлга қўйилган бўлса, айни пайтда бу ерда 60 дан зиёд киши меҳнат қилмоқда.
Келгусида корхона маҳсулотларни янгича замонавий автоматлаштирилган конвейер усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишчилар сонини кўпайтириш ва экспертни амалга ошириш режалаштирган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА