Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июльдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида”ги қарори асосида инспекция ходимларига қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлик сифати бўйича соҳада давлат сиёсатининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни назорат қилиш вазифаси юклатилган.

– Туманларда 2022 йил ҳосили учун 1610 та фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2250 гектар асосий майдонига картошка экиш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳажмлари ҳамда талаб этиладиган маблағнинг ҳисоб-китоби ишлаб чиқилди ва Вазирлар Кенгаши томонидан тасдиқланган, – дейди Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош инспектори Ислам Бегжанов. – Ушбу майдонларни экиш учун талаб этиладиган 6000 тонна картошка уруғини фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан Тошкент, Самарқанд вилоятлари, Россия Федерацияси, Покистон ва Қозоғистон Республикаларидан импорт қилиш белгиланган.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида тадбиркорлар томонидан 1000 тонна уруғлик картошка олиб келинган бўлиб, уларнинг ГОСТ-33996 талаби асосида сақланиши бўйича инспекция ходимлари назорат тадбирларини амалга оширмоқда.

Бошқарма ва туман бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг қонун талаблари асосида олиб борилиши кунлик назоратга олинган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА