«Фориш» тоғ полигонида Марказий ҳарбий округ қўшинларидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари зенитчилари ўртасида ўқув-йиғин ўтказилмоқда.

Унда бўлинмалар шахсий таркиби ўзларининг назарий билимларини амалиётда синаб, билим ва кўникмаларини оширмоқда. Ўқув-йиғин давомида бўлинмаларнинг зирҳли транспортларда ҳаракатланиш, шунингдек, турли шароитларда маршни амалга ошириш вақтида ҳаво ҳужумидан мудофаани ташкиллаштиришга оид кўникмалари мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, кўчма зенит мажмуаларини жанговар шай ҳолга келтириш ҳамда юриш ҳолатига ўтказиш бўйича меъёрлар бажарилиб, ўқ-дори ва ракеталар сарфисиз дала тренажёрида ҳаво нишонларини аниқлаш ва шартли ҳаво нишонларини яксон қилиш бўйича кўникмалар такомиллаштириляпти.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Ўқув-йиғин режасидан ҳаво кузатувни олиб бориш ва аниқланган нишонлар ҳақида юқори қўмондонликка зудлик билан маълумот бериш, қўмондонлик қарорига асосан нишони яксон қилиш машқлари ҳам ўрин олган.

Йиғинда яхши натижа кўрсатган харбий хизматчилардан халқаро армия ўйинлари ва бошқа мусобақаларда иштирок этадиган номзодлар захиралари шакллантирилади.

ЎзА