Бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида реклама ва маркетинг тизимидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, албатта, замон талаби, ахборот маконидаги муҳим эҳтиёжлардан биридир.

Айни пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни умумий тусга эга бўлиб, реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатлар тўлиқ қамраб олинмаган. Бундан 23 йил аввал —1998 йил 25 декабрда қабул қилинган,  30 та моддадан иборат қонунга бугунги кунга қадар 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Аммо шундай бўлса-да, унда реклама фаолиятига қўйиладиган талаблар етарли эмас, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаган. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, реклама объектининг хавфсиз бўлишига оид талаблар мавжуд эмас. Масалан, дори воситалари, биологик актив ва озиқ-овқат қўшимчалари, болаларга мўлжаллаган озиқ-овқатлар, алкоголли ва энергетик ичимликлар рекламасига нисбатан чекловлар назарда тутилмаган.

Шу боис янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиб, айни пайтда Сенатда кўриб чиқилмоқда.

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилишида янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Йиғилишда мазкур қонунни қабул қилишга бўлган заруратга эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги қонун билан нормаларни қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, янги тушунчалар киритилмоқда. Масалан, “реклама объекти”, “номақбул реклама”, “ахлоқсиз реклама”, “яширин реклама”, “ҳомийлик” каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда. Жумладан, телеканалларда давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланмоқда.  Бундан ташқари, олимлар ва тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш тақиқланмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим аҳамиятли томони шундаки, вояга етмаганларни уларнинг ишончи ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя қилиш тартиби алоҳида келтирилган.

Йиғилишда мазкур қонун айни пайтда Сенат қўмиталарида ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокамалардан ўтаётгани, барча таклиф ва тавсиялар инобатга олиниши ва тегишли хулоса қабул қилиниши назарда тутилгани таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА