Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон-Латвия ишбилармонлар кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Латвиянинг сармоявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Ўтган йил якунига кўра, Ўзбекистон – Латвия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 228 миллион долларни ташкил этди. Жумладан, экспорт – 52,8 миллион доллар, импорт эса 175 миллион долларни ташкил этган.

Бугунги кунда мамлакатимизда Латвия инвесторлари иштирокидаги 68 та компания фаолият юритяпти. Улардан 46 та қўшма корхона бўлса, 22 таси 100 фоиз Латвия капиталига эга корхоналар ҳисобланади. Шунингдек, Латвиянинг 1 та ваколатхонаси ҳам Ўзбекистонда фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон маҳсулотларини Болтиқбўйи мамлакатлари ва Европа Иттифоқига етказиб беришни алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, 2021 йил 10 сентябрда Латвия давлат органлари, Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги элчихонаси, Латвия ишбилармон доиралари ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида Рига шаҳрида онлайн форматда  Ўзбекистон савдо уйининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди.

Ўзбекистон – Латвия ишбилармонлар кенгаши мулоқотида икки мамлакат ишбилармон доираларининг тўғридан-тўғри ҳамкорлиги, савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган кўплаб қўшма тадбирларни ўтказилмоқда. Бу эса Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги технологик, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Музокараларда, шунингдек, Ўзбекистон – Латвия транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Хусусан, 2021 йилда Тошкент – Рига – Тошкент йўналишида мунтазам қатновларнинг қайта тикланганлигини алоҳида эътироф этилди. Ушбу йўналишда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятлари ўртасида ўзаро англашув протоколи имзоланди. Унга мувофиқ “Uzbekistan airways” ва “AirBaltic” авиакомпаниялари ўртасида тижорат ҳамкорлиги кенгайтирилади.

– Бу эса икки мамлакат авиакомпанияларига қўшма шериклик қатновлари орқали парвозлар географиясини кенгайтириш имконини беради, – дейди Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов. – “Uzbekistan Airways” АЖ йўловчилари “AirBaltic” авиакомпанияси қатновлар тармоғининг Таллин (Эстония), Вильнюс (Литва), Стокгольм (Швеция), Копенгаген (Дания), Хельсинки (Финляндия) ва Амстердам (Нидерландия) каби йўналишларида парвоз қилиш имкониятига эга бўлади. Бугунги тадбирда халқаро автомобиль ташувларидаги йиғимларни камайтириш чоралари кўриб чиқилди. Бу йиғимларни камайтирилиши орқали, келгусида Ўзбекистонинг экспорт товарларини нафақат Марказий Осиё балки, Европа бозорларига кириб бориши кенг йўл очади.

– Бугунги тадбир Ўзбекистон ва Латвия мамлакатлари ўртасида транспортнинг барча турлари бўйича икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Латвия Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Улдис Рейманис. – Тадбирда 2022 йилга мўлжалланган ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича қўшма “Йўл харитаси” имзоланди. Ҳужжат 2022 йил учун Европа Иттифоқи мамлакатларига автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари учун тўловларнинг камайтиришга хизмат қилади. Бу эса, автомобиль транспортда юк ташувлари ҳажмини кўпайтириш ҳамда юкларни етказиб бериш занжири узлуксизлигини таъминлайди.

 

Шаҳноза Мамтуропова, ЎзА