Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси томонидан аҳоли саломатлигини сақлашга, кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга доир ишларнинг аҳволи доимий равишда ўрганиб борилмоқда.

Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги тиббиёт муассасаларига ташрифлари амалга оширилиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича олиб борилган ишлар доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга алоҳида аҳамият қаратиляпти.

Бу борада албатта, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш борасидаги ишлар самарадорлигини таъминлашда бюджет маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун дастлаб 3 триллион сўм, 2021 йил 5 ноябрда қабул қилинган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун билан қўшимча равишда 1,2 триллион сўм, жами 4,2 триллион сўм маблағ ажратилди.

Шунингдек, коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларини ва бошқа касбдаги ходимларни рағбатлантириш харажатларига 1триллион  413,9 миллиард сўм, дори-дармон воситалари, гигиена ва зарарсизлантирувчи воситалар учун 604,2 миллиар сўм, бир маротабалик шахсий ҳимоя учун комбинезонлар, қўл ва юз ниқоблари ҳамда бошқа харажатлар учун 89,5 миллиард сўм, озиқ-овқат маҳсулотларига 86,6 миллиард сўм ажратилган.

Лаборатория реагентлари, пирометрлар, тест тизимлари ва бошқа харажатларга 113,9 миллиард сўм, вакцина сотиб олиш учун 1 триллион 328,8 миллиард сўм, эмлаш пунктларини ташкил этишга 9,8 миллиард сўм, Тошкент шаҳрида ва Наманган вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича тиббиёт марказларини ташкил этиш харажатларига 270,6 миллиард сўм ва бошқа харажатлар учун 174,5 миллиард сўм ажратилди.

Аммо Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолият тўғрисида тақдим этилган ахборотда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат бюджети ижросининг бориши юзасидан тақдим этилган ҳисоботларда, Молия вазирлиги тақдим этган ахборот ва материалларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ҳамда вакцина сотиб олиш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг ишлатилишига доир маълумотлар ўз аксини топмаган.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг сўрови бўйича ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан зарур маълумотлар тақдим этилмади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаевга “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирлари учун ажратилган маблағларнинг оқилона сарфланиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА