ИИВ Академиясида Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Туркия полиция академияси вакиллари томонидан семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилди.

Дастлаб делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, кадрлар тайёрлаш жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг малакасини оширишда ўзаро ёрдам тамойили асосида машғулотлар ташкил қилиш, халқаро терроризм, киберхавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашишда Туркиянинг илғор тажрибаларини оммалаштириш масасалари юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар азалий қардошлик ва биродарлик ришталари асосида замонавий тараққиётнинг муҳим йўналишлари, жумладан, таълим соҳасида ҳам изчил равнақ топмоқда. ИИВ Академиясининг истиқболдаги “йўл харитаси”да Туркиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш  режалаштирилган.

Туркия полиция академияси профессори Шенол Япракнинг эътироф этишича, глобал таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, минтақавий ҳамда халқаро масалаларни ҳал этишда ҳар икки мамлакат бир-бирини доимо қўллаб-қувватлаб келган. Ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати икки томон учун ҳам муштарак манфаатларга хизмат қилмоқда.

Шу куннинг ўзида меҳмонлар томонидан Академия профессор-ўқитувчилари учун “Полиция тизимида самарали мулоқот кўникмаларини шакллантириш” ҳамда “Терроризмга олиб келувчи радикаллашув жараёнининг олдини олишни бошқариш” мавзуларида семинар-тренинг машғулотлари ўтказилди. Малака ошириш курслари жорий йилнинг 11 февралига қадар давом этиши кўзда тутилган.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати