Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Латвия Республикаси ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.

Э.Ринкевичс Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган минтақавий сиёсатга, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо берди.

Сўнгги йилларда ўзаро муносабат барқарор ривожланиб бораётганига урғу берилди. Шу билан бирга, кўплаб соҳаларда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мавжуд улкан салоҳиятдан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама жадал сиёсий мулоқот ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик конструктив ва бунёдкорлик хусусиятига эга экани қайд этилди.

Томонлар барча йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутадиган мамлакатлар ўртасидаги парламентлараро алоқани янада чуқурлаштиришдан, шунингдек, турли даражада эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқаришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.

У.Маҳмирзаев, ЎзА