Сайловчилар ишончини оқлашни мақсад қилган Халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ғуломжон Матмуратов ўзи сайланган ҳудуд аҳолисининг муаммоларини бартараф этишда ташаббус кўрсатиб келмоқда.

У Хўжайли тумани агроиқтисодиёт кўп тармоқли техникуми спорт залида ташкил этилган таэквондо тўгарагига спорт матрасини олишда ҳомийлик қилди. Бундан ташқари, депутат “Муртазабий” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Гаўҳар Бабажановага ўзини ўзи банд қилиш мақсадида тикув машинаси совға қилди.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқот жараёнида ҳудуддаги электр таянч устунларини янгисига алмаштириш бўйича мурожаат қилинган эди. Ушбу мурожаат бўйича тегишли ташкилотларга депутатлик сўровнома юборилиб, ижроси назоратга олинадиган бўлди.

Бу сафар депутат тумандаги “Муртазабий” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазирининг тумандаги Халқ қабулхоналари раҳбарлари, туман кенгаши депутатлари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.

Учрашувда мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, айниқса еттита устувор йўналиш ва юзта мақсаддан иборат бўлган Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишида аҳоли фаровонлиги, инсон қадрини улуғлаш ғояси мужассам эканлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳужжатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат борасида қатор янги марраларни забт этиш кўзда тутилганлиги алоҳида таъкидланди.

Учрашувда кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал қилинган бўлса,  вақт талаб этадиган айрим мурожаатларни тегишли ташкилотлар билан қонун доирасида ўрганиб чиқишга келишиб олинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА