“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонасида ёш мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва билимини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида корхона қошида “Малакаларни баҳолаш” ва “Малака ошириш” марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Ёш ишчи ходимларнинг билим ва тажрибаларини ошириш, уларнинг ўз устида ишлаш ва билим   кўникмаларини шакллантириш юзасидан раҳбарият томонидан бир қанча шароит яратилмоқда.

–Ўтган йили жамоамизда меҳнат қилаётган 24 нафар ёшнинг олий ӯқув юртларини тугатгунга қадар шартнома пуллари тӯлаб берилди, –  дейди корхона ёшлар етакчиси Ботир Қурбанбоев.

– Ёшлар масалаларини ӯрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институтига 2021 йили 13 нафар, 2022 йили 8 нафар ёш  ҳужжат топширган бӯлса, уларнинг имтиҳонларга бориб келишлари учун  имконият яратилди. «Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети» Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси Тошкент филиалига 2021-2022 ӯқув йили учун синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган 2 нафар ёш ходимнинг тӯлов-шартнома пули тӯлаб берилди.

Шунингдек, заводда ходимларнинг малака ва тажрибасини ошириб бориш учун мамлакатимиздаги етакчи 15 дан ортиқ олий таълим муассасаси ва ўқув маркази  билан мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган.  Шулардан, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан ёшлар  корпоратив бошқарувнинг замонавий амалиёти ва тамойиллари, Тошкент молия институти кошидаги «International institute of Accounting&Finance» (IIAF) ўкув маркази томонидан иқтисодий ҳисоботлар халқаро стандарти, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор – ўқитувчилари томонидан давлат тилида иш юритиш, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот-технологиялар ўқув маркази томонидан компьютер технологиялари бӯйича  ӯқитилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА