СЎРАГАН ЭДИНГИЗ…

Мулкдор алмашганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганида иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади. Бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.
Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилганда ҳам ходимнинг юқорида назарда тутилган моддий мадад олишга оид қўшимча кафолатлари сақланиб қолади. У меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг иккинчи ва учинчи ойлар давомида ишга жойлашмаган тақдирда унга иккинчи ва учинчи ойлар учун илгариги иш жойидан ўртача иш ҳақини тўлаш муддатлари ҳам ўзгармайди.

МАСАЛАН…

Меҳнат шартномаси 1 апрелдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан корхона раҳбари 1 февралда ёзма тарзда огоҳлантирилди, лекин, янги мулкдорнинг хоҳиши асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва корхона раҳбари билан меҳнат шартномаси 1 февралдан бекор қилинди. Корхона раҳбарига огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (февраль, март ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (февраль учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди.

Агар корхона раҳбари ишга жойлашмаганлигини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа, МК 67-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (март) учун ўртача ойлик иш ҳақини апрель ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.Электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчасининг ноёб рақамини киритиш ёки мобиль телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади.

Корхона раҳбари, меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг ўттиз календарь кун ичида, яъни 2 февралдан 3 мартгача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва май ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилса, унга учинчи ой (апрель) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Бобомурод АВАЗОВ,
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси