Онлайн

Олий Мажлис Сенати йигирма учинчи ялпи мажлисида “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни муҳокама қилинди.

Ҳужжатда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, тарихий объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш белгиланган.

Шунингдек, мазкур ҳолатларда дастлабки тергов ўтказишни прокуратура органларига юклаш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этиш мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномаларини белгиланган муддатда тўлиқ бажармаганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланган.

Хусусан, тарихий объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишлар учун 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мазкур қонун юзасидан сўз олган сенаторлар ушбу Қонуннинг маъқулланиши мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларини, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилишда, уларнинг ноёблигини сақлаб қолишда, келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Муҳокамалар сўнгида ушбу қонунни қабул қилиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА