Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Ҳотамова иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда 2022 йилда ҳунармандчилик йўналишида режалаштирилган халқаро фестиваллар, кўргазма ва тадбирларга тайёргарлик ҳақида маълумотлар берилди.

Унга кўра, 2022 йил 10 — 15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида II Халқаро Ҳунармандчилик фестивали ўтказилади. Фестивалга иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб қилиш мақсадида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида икки босқичдан иборат кўргазма ва кўрик-танлов ташкил этилади.

Биринчи босқич — туманлар (шаҳарлар) бўйича 2022 йилнинг апрель ойида,  иккинчи босқич — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича 2022 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтади. Шунингдек, фестиваль доирасида  илмий-амалий конференция ўтказилади.

Миллий ҳунармандчилигимизнинг катта тармоқларидан бири кулолчиликдир. 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилади. Дастлабки форум ва унинг доирасида “Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва уни ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция 2022 йил сентябрь ойида Фарғона вилоятининг Риштон туманида II Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказиладиган кунлари ташкил этилади.

2022 йил 1 мартгача форум расмий веб-сайти ишга туширилади, жумладан унда ҳунармандчилик маҳсулотлари ва бошқа эсдалик совғалари сотуви ташкил этилади. Риштон туманида бўлиб ўтадиган Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси логотипи учун танлов эълон қилинди. Танловда профессионал реклама компаниялари, агентликлар билан бир қаторда  жисмоний шахслар ҳам иштирок этиши мумкин.

Энг яхши деб топилган 3 та вариант фестивалнинг ташкилий қўмитаси эътиборига тақдим этилади. Танловга тақдим қилинган материаллар  2022 йил 1 март гача қабул қилинади. Танлов шартлари билан “Ҳунарманд” уюшмасининг веб-сайти орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Бундан ташқари жорий йилдан бошлаб Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ташкил этилади. Фестивални маҳаллий ва хорижий иштирокчиларга оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш ҳамда юқори савияда ўтказиш мақсадида фестивал логотипи ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

“Ҳунарманд” уюшмаси, “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Бадиий академия, Туризм ва спорт вазирлиги, Бухоро вилоят ҳокимлиги вакилларидан иборат  ҳакамлар ҳайъати тузилиб, фестивал логотипи учун ижодий танлов эълон қилинди. Ижодий танловга 58 та логотип лойиҳалари тақдим этилиб, ҳакамлар ҳайъати 5та логотип лойиҳасини танлади. Ушбу логотип лойиҳаларини кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун ташкилий қўмитага тақдим этилди.

Халқаро Зардўзлик ва заргарлик фестивали учун  https://zarfestival.uz/ веб сайти ишлаб чиқилди. Ушбу сайтда фестиваль ҳақидаги маълумотларни олишингиз мумкин. Мазкур сайт орқали хорижда фаолият олиб бораётган ҳунармандлар ариза топширишни бошлади. Бу бўйича ташқи ишлар вазирлиги билан иш олиб борилмоқда. Фестивалда иштирок этадиган маҳаллий иштирокчи ҳунармандларнинг рўйхатлари ва йиғма жилд ҳужжатлари шакллантирилди. Шу билан биргаликда ҳунармандчиликка оид китоб, альбом, устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда “Uzbek Jewellery Fair” заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик халқаро кўргазма-савдоси ўтказилади.

Бухоро шаҳрида “Ипак ва зираворлар” анъанавий халқаро фестивали, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчасида ҳар йили мустақиллик байрами арафасида “Тошкент сувенирлари” кўргазма-ярмаркаси, ёш ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва соғлом рақобатни йўлга қўйиш мақсадида “Ёш ҳунармандлар” фестивали ўтказилади.

Бунда, мазкур фестивалнинг туман ва шаҳар ҳамда вилоят босқичларида
сараланган ёш ҳунармандлар иштирокидаги республика босқичини Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида юксак даражада ўтказиш кўзда тутилган.

2022 йил февраль ойида Республика “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан “Ҳикматлар олами” II халқаро ҳаттотлик фестивалини ўтказиш ҳам режадаштирилган. Бу каби фестивалларнинг ташкил этилиши миллий ҳунармандчилигимизга бўлган эътиборни ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодларга таништириш ва хорижлик ҳунармандлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Файзулло Яҳёев, ЎзА