Кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида қабул қилинган 5 йиллик дастур — 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида инсон қадр-қимматини улуғлашга қаратилган бир қатор мақсад-вазифалар, дастуриламал саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топган.

Хусусан, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда самарадорликни ошириш, уларга қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш борасида муайян чора-тадбирлар кўзда тутилгани эътиборга молик.

Стратегияга кўра, давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олинишини таъминлаш мақсадида шу йилда «Фуқароларнинг рақамли паспорти» лойиҳасини жорий қилиш белгиланган.

Ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш ҳисобига эса аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилиниши назарда тутилган.

Бундан ташқари, фуқароларга ҳужжатларни бериш ва алмаштиришда, шунингдек, ўзаро боғлиқ давлат хизматларини мурожаатни кутмасдан таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Ушбу чора-тадбирлар аҳоли вакилларига самарали ва қулай давлат хизматларини кўрсатиш, турли оворагарчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА