Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар ва Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоаси юртимизнинг таниқли ижодкори, Қорақалпоғистон халқ рассоми, академик Сарсенбай Байбосинов ижодий устахонасида меҳмон бўлди.

Ижод олами ранг-баранг. Адабиёт, мусиқа, кино, рақс ва шу каби бир қатор санъат турлари орасида рангтасвир олами фусункорлиги билан ажралиб туради. Рангин бўёқлар сеҳридан яралган санъат асарлари инсонларга эстетик завқ бағишлаб, гўзалликни англашга ўргатади. Сарсенбай Байбосинов ижодий устахонаси ҳарбийларда катта таассурот қолдиргани шубҳасиз.

1983 йилдан буён ижодга шўнғиган Сарсенбай Байбосинов йиллар давомида салмоқли ва мазмунли асарлар яратишга эришди. Республикамиз ва хорижий мамлакатларда рассомнинг кўргазмалари ташкил этилган бўлиб, ҳозирги вақтда турли музей ва галереялардан ҳамда шахсий коллекцияларда асарлари сақланади.

Ижодкор гоҳ натюрморт, гоҳ пейзаж, маиший ва бошқа жанрларда эркин ижод қилиб келмоқда. Рассомнинг ижодида ўзига хос жиҳатлар шундаки, у рангтасвирни адабиёт, мусиқа, фалсафа ва коинот билан боғлайди.

Фалсафий мушоҳадаларга чорловчи асарлар йиллар давомида сайқалланиб, тасвирий санъат дунёсида Сарсенбай Байбосиновнинг ижоддаги «мени»ни яратди.

Сарсенбай Байбосинов ҳарбийларга ижодий фаолияти, шогирдлари ҳақида тўлқинлаб сўзлаб берди. Армия йилларини эсга олиб, ўша даврдаги машаққатли кунлар ҳақида гапирди.

Ижодий суҳбат асносида рассом портрет жанрида маҳорат дарси ўтказиб берди. Қизиқарли ва мазмунли ўтган учрашув сўнггида ҳарбий оркестр жамоасининг ҳарбий мусиқий наволари йиғилганларга жуда ҳам манзур бўлди.

 

Шоҳиста Абдурахманова,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати