31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги йигирма учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқиш назарда тутилган масалалар дастлабки тартибда муҳокама этилди.

“Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги, “МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни (Минск, 2021 йил 28 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Корея Республикаси Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масала шулар жумласидан.

Шунингдек, сенаторлар «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси якунлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини ҳам кўриб чиқдилар. Бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, дастурда белгиланган мақсадларга эришилгани таъкидланди. Шу билан бирга, сенаторлар давлат дастурининг ижро муддатлари узайтирилган айрим бандларини тўлиқ бажариш ва тезроқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.

Мажлисда Халқаро меҳнат ташкилотининг 167-конвенциясининг асосий мақсади қурилиш соҳасида жароҳат олиш, касб касалликларига чалиниш ва ҳалок бўлиш ҳолатларининг олдини олиш учун меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришдан иборат экани таъкидланди.

Конвенциянинг аксарият норма ва қоидалари миллий қонунчиликка жорий этилгани алоҳида таъкидланди.

Сенаторларнинг фикрича, Халқаро меҳнат ташкилоти мазкур конвенциясининг ратификация қилиниши миллий қонунчиликни такомиллаштириш, қурилиш соҳасида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси бўйича халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.

Сенат қўмитаси аъзолари МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимнини ратификация қилиш қонунини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Битимнинг мақсади сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлар ёпиштирилган товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг, шунингдек, бундай товарларни МДҲ мамлакатлари давлат чегаралари орқали олиб ўтишнинг олдини олиш, аниқлаш ва бунга чек қўйиш бўйича ҳамкорлик қилиш имконини берадиган шарт-шароитларни яратиш экани қайд этилди.

Томонлар мазкур Битим доирасида ваколатли органлар томонидан аниқланган сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлар ёпиштирилган товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатларига оид масалаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мунтазам равишда ахборот алмашиши таъкидланди.

Муҳокама чоғида Битимнинг ратификация қилиниши билан тегишли давлат идораларига ҳуқуқий ҳимоя ва божхона назорати бўйича қўшимча вазифа ва функциялар юклатилиши таъкидланди. Ҳужжат МДҲ давлатлари тегишли органларининг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Бундан ташқари, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Корея Республикаси Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги босқич бўлгани таъкидланди.

Ташриф якунида иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, энергетика, автомобилсозлик, маданият ва бошқа соҳаларда туб бурилиш ясайдиган кенг кўламли келишувларга эришилгани, қатор битимлар имзолангани алоҳида таъкидланди. Халқ дипломатиясининг муҳим элементи сифатида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, сенаторлар олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли парламент назоратини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидладилар.

Парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти соҳасида тажриба алмашиш, Жанубий Корея молия институтлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар самарадорлигини ўрганиш, вазирлик ва идораларнинг Жанубий Корея билан амалга ошириш режалаштирилган инвестиция лойиҳалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш, маҳаллий вакиллик органлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва уларнинг ривожланишига кўмаклашиш ва бошқа масалалар ушбу тузилманинг асосий вазифалари бўлиши кераклиги қайд этилди.

Мажлис якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

ЎзА