Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг шонли 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари байрами муносабати билан Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат марказида тантанали тадбир ўтказилди.

Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишланган ушбу тантанада Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари – штаб бошлиғи полковник Дилшод Илҳомов Ватан ҳимоячиларини байрам билан муборакбод этди. Шунингдек, қўмондон ўринбосари ҳарбий округнинг 2021 йилги фаолиятига тўхталиб, амалга оширилган ишларни эътироф этди. Хусусан, 2021 йилда ҳарбий округда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари доирасида Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат маркази, Хоразм вилоятидаги “Янгиариқ” умумқўшин полигони ҳамда Нукус шаҳри ва Шовот туманидаги Сафарбарлик чақируви резерви батальонларида капитал таъмир ва реконструкция ишлари олиб борилди.

Нукус туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ҳамда “Нукус” умумқўшин полигонида замонавий ва кўркам Маънавият ва маърифат марказлари бунёд этилди.

Қорақалпоғистонда ва Хоразмда биттадан кўп қаватли уйлар қурилиб, имтиёзли ипотека кредити асосида ҳарбий хизматчиларга топширилиши натижасида 60 нафар оила янги хонадон калитларига эга бўлди. Ҳарбий бўлинмаларни янги, замонавий техникалар билан бутлаш, уларнинг жанговар имкониятларини ошириш мақсадида 36 дона ҳарбий ва 3 дона махсус техникалар сафга кўйилди.

Қўшинларнинг доимий жанговар шайлигини таъминлаш мақсадида 20 дан ортиқ йиғинлар, штаб машқлари, дала чиқишлари ҳамда 15 дан ортиқ ҳудудий куч тузилмалари билан ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувлари ва машғулотлар ўтказилди. “Нукус” ва “Янгиариқ” умумқўшин полигонларининг инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш эвазига жанговар тайёргарликни олдинги йилларга нисбатан 1,5 баробарга оширишга эришилди. Ҳарбий округ қўшинлари билан ўтказилган 600 га яқин амалий ўқ отиш машғулотларидан 400 дан ортиғи кундузги ва 190 дан ошиғи тунги вақтда ташкил этилди. 60 га яқин тунги ва кундузги жанговар ва ҳарбий техникаларни ҳайдаш машқлари, 55 га яқин дала чиқишлари, 160 га яқин пиёда юришлар ўтказилди.

Муҳим сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ҳамда ишчи-хизматчиларидан жами 215 нафари “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбир давомида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, ишчи-хизматчилар, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан жами 250 га яқин нафарига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ҳамда округ қўшинлари қўмондони номидан кўкрак нишонлари, қимматбаҳо совғалар, навбатдаги ҳарбий унвонлар ҳамда фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тантанали маросим санъат усталари ҳамда ҳарбий хонандаларнинг байрам концерти билан якунланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА