Барчага маълум, сўнгги вақтларда мамлакатимизда йирик номиналдаги банкнотлар яъни 50 000 ва 100 000 сўм қийматдаги банкнотлар муомалага киритилди.

Кўпчилик юртдошларимизнинг фикрича, мазкур йирик қоғоз пуллар муомалага киритилиши натижасида инфляция даражаси ва нархлар ошишига сабаб бўлади.

Бу фикр қанчалик асосли? Бунга аниқлик киритиш мақсадида Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин БОЗОРОВга юзландик.

– Бу фикрлар асоссиз. Йирик миқдордаги банкнотларни муомалага киритилиши инфляция даражаси ва нархлар барқарорлигига таъсир кўрсатмайди. Муомалага йирик банкнотларнинг чиқарилиши муомаладаги пулларнинг миқдорини ўзгаришига олиб келмайди, яъни пулларни асоссиз равишда кўпайиб кетишига йўл қўйилмайди.

Янги банкнотни муомалага чиқарилиши нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда қулайликлар яратиш, нақд пулларни сақлаш ва ташиш билан боғлиқ харажатларни камайтириш ва аҳолига банкоматлар орқали хизмат кўрсатишда самарадорликни оширишга имкон беради.

Муомаладаги 50 000 ва 100 000 сўм қийматдаги банкнотлар амалдаги мавжуд пул массаси доирасида чиқарилади ҳамда унинг ўсишига таъсир кўрсатмаган ҳолда муомаладаги нақд пуллар таркибини оптималлаштиришга хизмат қилади.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА